Эрдўған Путин ва Зеленскийни тезроқ учрашишга чақирди
Олам
−
31 Май 2630 2 дақиқа
Кеча, 30 май куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Украина Президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилиб, Украина ва Россия делегациялари ўртасидаги музокаралар якунланганидан сўнг тинчликка эришиш йўлидаги кейинги қадам давлат раҳбарлари даражасидаги учрашув бўлиши кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда Туркия Президенти маъмурияти матбуот хизмати хабар берди.
Анқара баёнотига кўра, суҳбат давомида Эрдўған Истанбулда ўтказилиши режалаштирилган музокараларнинг иккинчи босқичида ўт очишни тўхтатиш масаласи муҳокама қилиниши мумкинлигини қайд этар экан, бу жараён тинчлик ҳаракати учун муҳим босқич бўлиши мумкинлигини билдирган. Туркия Президенти томонлар делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокараларда иштирок этиши ижобий суръатни сақлаб қолишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаган.
“Эрдўған ишонч билдирадики, делегациялар даражасидаги музокаралардан кейин мамлакатлар раҳбарлари ўртасида тўғридан тўғри мулоқот босқичи бўлиши лозим – бу қадам кечиктирмасдан амалга оширилиши керак”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Москва ва Киевда расмий сафарда бўлиб, Эрдўған раҳбарлигида Истанбулда АҚШ, Украина ва Россия Президентлари учрашуви бўлиши мумкинлигини айтганди.
Бундан олдин, 28 май куни Зеленский ҳам Путин ва Дональд Трамп билан музокараларга тайёр эканини маълум қилганди. Ўз навбатида, Кремль ҳам Путин бундай учрашувга тайёр эканини тасдиқлаган, бироқ бу фақат Россия ва Украина делегациялари ўртасида можарони тугатиш шартлари юзасидан аниқ келишувларга эришилгандан сўнггина амалга ошиши мумкинлигини қайд этган.
Россия ва Украина ўртасидаги музокараларнинг иккинчи раунди 2 июнь куни Истанбулда ўтказилиши мумкин. Олдинроқ, 16 май куни ўша ерда икки мамлакат делегациялари сўнгги уч йилдаги илк тўғридан тўғри учрашувни ўтказганди. Шу учрашувда томонлар иккинчи босқичга тайёргарлик сифатида тинчлик шартлари келтирилган меморандум тайёрлашга келишган.
Киев ушбу меморандумни аллақачон Вашингтон ва Москвага тақдим этган ва Россия томонидан ҳам жавоб меморандумини музокараларгача олдиндан беришини кутмоқда. Бироқ Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавровнинг сўзларига кўра, Москва ўз меморандумини Украинага фақат музокаралар кунининг ўзида тақдим этади.
Айни пайтда Украина делегациясининг 2 июнь куни Истанбулдаги музокараларда иштирок этиши расман тасдиқланмаган.
Live
Барчаси