Эрдўған Путин ва Зеленский билан гаплашиб олмоқчи
Олам
−
01 Июль 2022
6696Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 1 июль куни Россия Президенти Владимир Путин ва Украина Президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқотга тайёргарлик кўраётганини айтди.
“Ҳамкасбларимиз Путин ва Зеленский билан телефон суҳбатлари мавзусида маслаҳатлашувлар олиб борилмоқда”, дейди Эрдўған журналистларга.
Туркия раҳбари кеча Мадридда бўлиб ўтган НАТО саммити якунлари бўйича матбуот анжуманида ҳам шу ҳафтанинг охирида ёки келаётган ҳафтанинг бошида икки давлат Президентлари билан телефон орқали гаплашиш ниятида экани ҳақида гапирганди. У Путин ва Зеленский билан Украина донини экспорт қилиш масаласини муҳокама қилишни режалаштирган.
Эрдўғаннинг НАТО доирасидаги матбуот анжуманида чиқишидан сўнг, Россия Федерацияси Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков давлат раҳбари Владимир Путиннинг Туркия етакчиси Эрдўған билан телефон орқали суҳбати ҳозирча режалаштирилмаганини айтди.
“Умуман олганда, бу ҳали жадвалда эмас”, дейди Песков журналистлар билан мулоқотда.
Эслатиб ўтамиз, Эрдўған НАТО саммитидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Президентлар Путин ва Зеленский билан муносабатларининг ҳозирги ҳолатига баҳо берганди.
Маълумот учун, 8 июнь куни Россия ва Туркия ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Мавлуд Чавушўғли Анқарада бўлиб ўтган музокараларда “Дон йўлаги”ни яратиш масаласини муҳокама қилдилар. Россия Президенти Владимир Путин аввалроқ Киев ўз портларини миналардан тозаласа, Москва Украина донини олиб кетаётган кемаларнинг тўсиқсиз ўтишини кафолатлаши, Бердянск ва Мариупол каби Россия назоратидаги портлар орқали товарлар экспорт қилинишини таъминлаши мумкинлигини айтган эди. У жаҳон озиқ-овқат бозоридаги муаммолар 2020 йилнинг февралида бошланганини эслатиб, Россиянинг Украина портларида донни тўсиб қўйгани ҳақидаги баёнотларни фейк деб атади.
Туркия ҳукумати Украина ғалласини Қора денгиз орқали етказиб бериш учун хавфсизлик кафолатларини таъминлаши мумкинлигини маълум қилди. ТРТ телеканали ўтган ҳафта Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған маъмуриятидаги манбаларга таяниб, Украина ғалласини етказиб бериш бўйича йўл харитасини амалга ошириш механизми 80-90 фоиз тайёр эканлигини ва тегишли келишувларга эришилса, у амалга оширилиши мумкинлигини маълум қилди.
LiveБарчаси