Путинми ё Зеленский? Эрдўған икки Президентдан қай бири билан муносабатлари қадрлироқ эканига баҳо берди
Олам
−
01 Июль 2022
27812Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Мадридда ўтган НАТО саммитидан сўнг, журналистлар билан мулоқот қилди. Оммавий ахборот воситалари ходимларидан бири Эрдўғанга “Бир вақтнинг ўзида ҳам Россия, ҳам Украина Президентлари билан мулоқот қилаётган оз сонли Президентлардан бирисиз. Янги дипломатияни қандай баҳолайсиз?”, деган савол билан юзланди. Президент эса саволга жавобни ўзининг сиёсий тарихини эслашдан бошлади.
“Менинг сиёсатда 40 йиллик тарихим бор. Бу жараённи шаҳар ҳокимлигидан Бош вазирликгача, Президентликка қадар босиб ўтдим. Сиёсатдаги партия ташкилотларининг энг қуйи поғоналаридан кўтарилиб, бу лавозимларга келдим. Шунинг учун мен бир нарсани ўргандим: сиёсат жанжал ва шов-шув иши эмас. Агар сиёсат кўпроқ тинчликка қаратилган бўлса, бу ерда сиз кўпроқ дўст орттиришга ҳаракат қиласиз. Қанча кўп душман орттирсангиз, сиёсатда шунча кўп ютқазасиз”, дейди Эрдўған.
Туркия раҳбари Президентлар Владимир Путин ва Владимир Зеленский билан муносабатларига баҳо бераркан, Путин билан алоқалари анча эскига бориб тақалишини, Зеленский билан мулоқоти Украинадаги хавотирли вазият ортидан бошланганини урғулади.
“Жаноб Путин билан ўтмишим эски, Зеленский билан янгироқ. Чунки жаноб Зеленскийнинг Украина сиёсатидаги ўтмиши унчалик эски эмас, лекин у Украина сиёсатида ҳокимият тепасига келганидан бери бизнинг муносабатларимиз қизғин давом этди.
Жаноб Путин билан эса анча эски муносабатларга эгамиз. Энди бир ҳақиқат бор. Агар биз бу йерда воситачи бўлмоқчи бўлсак, энг муҳим қадамларимиздан бири нима эди? Биз Украина ва Россия Федерацияси вакилларини Истанбулда бирлаштирдик. Улар мамнуният билан учрашиш орқали янги жараённи бошладилар, бошладик. Кейинги жараёнда ҳам буни тезлаштиришимизни истайман.
Айниқса, дон инқирози ҳукм сураётган дунёда уларни ҳам Россиядан, ҳам Украинадан олиб чиқа олсак, мен ишонаманки, ҳозир ғалла – буғдой, арпа, кунгабоқар ёғи ва бошқалардан қийналаётганлар енгил тортишлари мумкин”, дейди Эрдўған.
LiveБарчаси