Эрдўған Путин билан “Азов” раҳбарларини Украинага жўнатилишини муҳокама қилмоқчи
Олам
−
12 Июль 2023 10332 2 дақиқа
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россия етакчиси Владимир Путин билан Анқара томонидан Киевга “Азов” миллий батальони етакчиларининг жўнатилиши билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилишни кутмоқда. Бу ҳақда у бугун, 12 июль куни Вильнюсдаги НАТО саммитидан кейинги матбуот анжуманида айтиб ўтди.
"Биз уларнинг олти қўмондонини озод қилиш бўйича сўров олдик. Биз ижобий жавоб беришга қарор қилдик. Шундан сўнг Россияда бир қатор баёнотлар берилди, бироқ улар тафсилотларни билиб олганларидан кейин, вазият ижобий бўлди. Август ойида Президент Путин Туркияга ташриф буюради ва мен у билан бу масалаларни яна яккама-якка муҳокама қилиш имконига эга бўламиз, деб ўйлайман”, деган Туркия раҳбари.
Айтиш жоизки, жорий йилнинг 8 июль куни Украина Президенти Владимир Зеленский Туркияда бўлган “Азов” миллий батальони қўмондонлари билан бирга мамлакатга қайтишини маълум қилган. Бундан олдин у Эрдўған билан учрашган. 9 июль куни Россия ва Туркия Ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Хоқон Фидан ўртасида “Азов” гуруҳи раҳбарларининг Киевга қайтиши билан боғлиқ вазият телефон орқали муҳокама қилинган. Россия вазирлигининг маълум қилишича, Туркия ташаббуси билан бўлиб ўтган суҳбатда томонлар Москва ва Анқара ўртасидаги ишончга асосланган муносабатларни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш зарурлигини яна бир бор тасдиқлаган, Украина атрофидаги сўнгги воқеалар ва истиқболларни муҳокама қилган.
Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Туркия Украина билан муносабатларни ривожлантиришга мутлақ ҳақли экани, бироқ Россия улар Москвага қарши қаратилмаслигига умид қилишини айтган. У Россия-Туркия муносабатларини яқин ва ўзаро манфаатли деб таърифлаган, бироқ айрим масалаларда келишмовчиликлар борлигини таъкидлаган.
Маълумот учун, “Азов” Украина Миллий гвардиясининг тактик тузилмаси ҳисобланади. Бу бўлинма 2014 йил май ойида Мариуполда тузилган. “Азов” 2022 йилда Украина армияси билан бирга мамлакат шарқида Россия кучларига қарши жанг қилган энг машҳур Украина ҳарбий тузилмаларидан бирига айланган. Кўпгина “Азов” ҳарбий хизматчилари қарийб уч ойлик қамалдан сўнг, май ойида Россия қўшинлари Мариуполни эгаллаб олганда, асирга олинган. 2022 йил сентябрь ойида асирга олинган “Азов” қўмондонлари маҳбуслар алмашинуви доирасида Туркияга жўнатилган.