Эрдўған ота макони Қозоғистонда қандай кутиб олинди? (видео)

Олам

image

Кеча, 13 май куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған давлат ташрифи билан Қозоғистонга келди. Уни Остонадаги Мустақиллик саройида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев шахсан кутиб олди. Бу ҳақда Оқўрда хабар қилди.

Юқори мартабали меҳмон шарафига Қозоғистон Ҳаво мудофаа кучларининг қирувчи самолётлари намойиш парвозини амалга оширган. Самолётлар ортидан қизил ва оқ рангли тутун изларини қолдириб, Туркия байроғини акс эттирган. Шундан сўнг икки давлат раҳбарлари расмий делегация аъзоларини бир-бирига таништирган. Фахрий қоровул ротаси бошлиғи рапорт берган ва икки мамлакат мадҳиялари янграган.

Тор доирада ўтказилган музокараларда Тўқаев Эрдўғанни “қадрли биродар” дея қарши олган ва унинг ташрифини тарихий воқеа деб атаган.

“Қозоғистон ва Туркияни дўстлик, биродарлик ва абадий шериклик боғлаб туради. Мамлакатларимиз ўртасида ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ”, деган Қозоғистон раҳбари.

Эрдўған эса қозоқ халқининг меҳмондоўстлигига миннатдорлик билдириб, Қозоғистонни “ота макон” деб атаган.

“Қозоғистон ҳаво ҳудудига кирганимиздан бошлаб самолётлар ҳамроҳлигида кутиб олинишимиз делегациямиз учун катта ҳурмат бўлди. Буни унутмаймиз”, деган Туркия Президенти.

Кейинчалик икки давлат раҳбарлари Стратегик ҳамкорлик бўйича Олий даражадаги кенгашнинг VI йиғилишини ўтказган. Тўқаев Қозоғистон Туркияни қардош давлат ва ишончли ҳамкор сифатида кўришини билдириб, икки давлат ўртасидаги тарихий ришталар мустаҳкам дўстлик пойдевори эканини қайд этган.

Унинг сўзларига кўра, Туркия Қозоғистоннинг энг йирик инвесторларидан бири ҳисобланади. Ҳозиргача турк инвестициялари ҳажми 6 миллиард долларга етган, Қозоғистоннинг Туркияга инвестициялари эса 2,5 миллиард долларга яқинлашган. Туркия, шунингдек, Қозоғистоннинг асосий беш савдо ҳамкоридан бири саналади.

Томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт-логистика, мудофаа саноати, рақамлаштириш ва сунъий интеллект соҳаларидаги ҳамкорликни муҳокама қилган. Ўтган йил якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 8,8 фоизга ошиб, 5,4 миллиард доллардан ошган.

Йиғилиш якунида Эрдўған Қозоғистон билан товар айирбошлаш ҳажмини уч баробарга ошириб, 15 миллиард долларга етказиш мақсад қилинганини маълум қилган.

“Савдо, энергетика, мудофаа саноати, транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликни муҳокама қилдик. Икки томонлама савдо ҳажмини 15 миллиард долларга етказиш ниятимизни тасдиқладик”, дейди Туркия раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ражаб Тойиб Эрдўған рафиқаси Эмина Эрдўған билан бирга расмий учрашувлар ўтказиш учун Қозоғистонга келгани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған ташриф Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг