Эрдўған НАТО саммитида Финляндия ва Швецияга доир ҳужжатларни эълон қилмоқчи – ОАВ
Олам
−
20 Июнь 2022
7763Июнь ойи охирида Мадридда бўлиб ўтадиган НАТО саммитида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Шимолий Атлантика альянси иштирокчи-мамлакатларини Швеция ва Финляндиянинг альянсга кириш эҳтимоли бўйича махсус ҳужжатлар билан таништирмоқчи. Бу ҳақда Туркиянинг “Sabah” газетаси хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, ҳужжатда Стокгольм ва Хельсинки Туркияда тақиқланган Курдистон ишчилар партияси (КИП)ни молиявий ва сиёсий қўллаб-қувватлагани ҳақида далиллар келтирилган.
Нашрнинг ёзишича, Туркия армияси Сурия ва Ироқ шимолидаги ҳарбий амалиётлар чоғида Швецияда ишлаб чиқарилган ўқ отиш масофаси 200-1000 м бўлган 84 калибрли АТ-4 танкга қарши қуролларни ҳам қўлга киритган. Бунинг исботи сифатида Туркия томони танкга қарши қуролларнинг серия рақамларини ёзиб, суратга олган.
“Шунингдек, Туркия томони саммитда Грециянинг Эгей денгизида кескинликни кучайтираётганига ҳам тўхталади. Хусусан, гап ҳарбий мақомга эга бўлмаган Греция оролларини қуроллантириш ҳақида кетмоқда. Туркия буни Париж (1947) ва Лозанна (1923) келишувларининг “жиддий бузилиши” деб ҳисоблайди. Анқара Греция Мудофаа вазири ўринбосари даражасидаги “провокацион ташрифларни” ҳам қоралайди. Афина рад этган фактлар ҳам ҳужжатлар билан бирга иттифоқчиларга кўрсатилади”, дейилади хабарда.
Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари
Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди.
Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.
Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди.
11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала Скандинавия давлатига ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.
13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди.
15 май куни Финляндия ҳам, Швеция ҳам НАТОга аъзо бўлишга қарор қилганини билдирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь