Эрдўған Мирзиёевни туғилган куни билан табриклади
Жамият
−
24 Июль 2023
2618Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот қилиб, уни туғилган куни билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Бугун, 24 июль куни бўлиб ўтган Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўртасида бўлиб ўтган телефон мулоқотида икки мамлакат ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.
Туркия раҳбари Ўзбекистон етакчисини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар, ўзбек халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилаган.
Шунингдек, Президентлар олий даражадаги келишувлар ижросининг боришини кўриб чиқиб, стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишига пухта тайёргарлик кўриш муҳимлигига эътибор қаратган.
Суҳбатда иқтисодиётнинг турли тармоқларида икки мамлакат етакчи компания ва корхоналарининг саноат кооперацияси бўйича истиқболли лойиҳаларнинг янги портфелини биргаликда ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланган.
Минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 24 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 66 ёшни қаршилади. Шу муносабат билан бундан олдин республика раҳбарини Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Қозоғистон етакчиси Қосим-Жомарт Тўқаев ҳамда Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев табриклаганди.
LiveБарчаси