Эрдўған Исроилдан Ал-Ақсога ҳурмат кўрсатишни талаб қилди

Олам

image

Ал-Ақсо масжидига ҳурмат кўрсатилмаса, Исроилга нисбатан бошланган қуролли ҳужум охиргиси бўлишига ҳеч ким кафолат бермайди. Бу ҳақда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 11 октябрь куни Буюк Миллат Мажлиси (парламент) йиғилишидаги нутқида сўз очди. 

“Биз давлат ва ҳукумат раҳбарлари, жумладан Фаластин ва Исроил давлат раҳбарлари даражасида саккиз марта телефон орқали мулоқот қилдик. Биз жаноб Маҳмуд Аббос (Фаластин озодлик ташкилоти раиси) ва жаноб Ицхак Герцогга (Исроил Президенти) хотиржамлик, соғлом фикр ва давлатнинг донолиги билан ҳаракат қилишни маслаҳат бердик. Кеча кечқурун биз бу масалани Россия Президенти жаноб Путин ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби жаноб Гутерриш билан муҳокама қилдик. Биз зиддиятларнинг чуқурлашиши ва тарқалишининг олдини олиш учун зарур ёрдам кўрсатишга тайёр эканимизни билдирдик. Туркия сифатида минтақамизни бу гирдобдан тезда олиб чиқиш учун воситачилик ва адолатли арбитраж каби қўлимиздан келганини қилишга тайёрмиз. Умид қиламанки, бу муносабатимизни охиригача сақлаб қоламиз”, дейди Эрдўған. 

Президент Эрдўған, барча минтақа давлатлари билан яқинда ўрнатган яқин мулоқотини тинчлик ўрнатиш учун қўллашини билдирган. 

“Биз на Ғазода, ҳам Исроилда, ҳам Сурияда, ҳам Украинада болалар, тинч аҳоли, бегуноҳ одамлар ўлмаслигини ёки кўпроқ қон тўкилмаслигини истаймиз. Бу сўнгги воқеалар билан биз “Дунё бешдан катта” деган сўзимиз нақадар ўринли эканини яна бир бор кўрдик. Умид қиламизки, бундан буён бу эътирозимизни янада баландроқ овозда айтамиз”, дейди у.

Унинг айтишича, минтақада доимий осойишталик ва тинчлик фақат қонунийлиги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюцияларига асосланган, 1967 йилдаги чегаралари ва географик яхлитлиги, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган, бутун дунё томонидан тан олинган мустақил Фаластин давлатининг барпо этилиши билан келиши мумкин.

“Биз учта самовий диннинг муқаддас масканларини ўзида мужассам этган Қуддуснинг ҳаётига, Масжидул Ақсо жойлашган Ҳарам аш-Шариф мақомига ҳурмат кўрсатмайдиган ҳеч қандай қадам ёки чорани қабул қилганимиз йўқ ва қабул қилмаймиз”.

У фақат шу йўл билан Исроилнинг давлат сифатида мавжудлигини давом эттириши ва фуқароларининг хавфсизлигини кафолатлаши мумкинлигини таъкидлаб ўтган. 

“Акс ҳолда, ўтган шанбадан буён содир бўлган воқеалар охиргиси бўлмайди ва бундан ҳам каттароқ фожиалар келиши муқаррар. Биз Исроил, Фаластин ёки минтақамизнинг бундай аёвсиз доирага тортилишини ҳеч қачон истамаймиз”, дейди Президент.


Мақола муаллифи

Теглар

Ал-Ақсо Ражаб Тойиб Эрдўған

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг