Эрдўған ҳақорат ва туҳмат учун судга берилди
Олам
−
24 Май 2023
21066Туркиянинг мухолифатдан президентликка ягона номзоди Камол Қиличдорўғли бугун, 24 май куни амалдаги Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанни сайловолди чиқишларидаги видео учун судга берди. Қиличдорўғлининг маънавий зарари 1 миллион турк лираси (50,2 минг доллар)га баҳоланди, дейди унинг адвокати Жалол Челик журналистларга.
Гап шундаки, Эрдўғаннинг сайловолди тарғибот митингларида катта мониторларда унинг ролиги намойиш этилган. Ушбу видеолавҳада мухолифатчи номзод Камол Қиличдорўғли мамлакатда тақиқланган PKK (Курдистон ишчи партияси) террорчилик ташкилоти билан алоқадор шахс сифатида кўрсатилган. 22 май куни Ражаб Тойиб Эрдўған TRT телеканали эфирида ушбу видео монтаж маҳсули экани, бу унда Қиличдорўғли ва террорчи ташкилот ўртасидаги алоқадорлик монтаж орқали кўрсатиб берилганини тан олган.
“Туркия президентлигига номзод Камол Қиличдорўғлининг кўрсатмаси билан Эрдўғаннинг сайловолди ташвиқотида ўрнатилган ва сохта видеороликдан фойдалангани учун 1 миллион турк лираси миқдорида маънавий зарар ундириш тўғрисида судга даъво қўзғатилди. Пуллар терроризмга қарши курашда ҳалок бўлган фуқароларимизнинг фарзандларини ўқитишга сарфланади”, дейди адвокат.
Эрдўған ва Қиличдорўғли 28 май куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларининг иккинчи босқичида президентлик учун курашади. 14 май куни бўлиб ўтган биринчи турда уларнинг ҳеч бири ғалаба қозониш учун зарур бўлган 50 фоиздан кўп овоз тўплай олмади.
Аксарият таҳлилчилар Эрдўғаннинг президентлик сайловларининг иккинчи босқичида ғалаба қозониш имкониятини юқори деб баҳоламоқда. Шу тариқа, “Оптимар” жамоатчилик фикрини ўрганиш компанияси раҳбари Ҳилми Дашдемир Туркиянинг амалдаги президенти 28 май куни камида 53-54 фоиз овоз олиши мумкинлигини таъкидлади. Бошқа компанияларнинг прогнозларига кўра, Эрдўған 52-55% овоз олган. Мухолифат, 14 май куни овоз бермаган сайловчиларни (бу тахминан 8 миллион киши) сайлов участкаларига келишга чақириб, юқори фаоллик Қиличдорўғлининг ғалабасига ҳисса қўшишига умид қилмоқда.
LiveБарчаси