Коронавирус беморларининг 20 нафарида пневмония кузатиляпти – Отабеков
Жамият
−
30 Март 2020
11486Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларнинг 20 нафарида пневмония аломатлари кузатиляпти. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков маълум қилди.
“Айни дақиқаларга келиб мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан рўйхатга олинган беморлар сони 145 нафарни ташкил этди. Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, касаллик билан даволанаётган беморларнинг 20 нафарида пневмония аломатлари кузатиляпти. Мазкур ҳолат бевосита ренгионалагик текширувларда ҳам ўз тасдиғини топган. Даволанаётган беморлар 3 нафарининг аҳволи оғир, 2 нафарининг аҳволи нисбатан оғир, деб баҳоланмоқда. Барча беморлар тегишли даволаш муолажаларини оляпти ва тиббиёт ходимларининг мунтазам кузатуви остида”, дейди Отабеков.
Аввалроқ, коронавирусга чалинган 7 нафар бемор вирусдан тўлиқ тузалгани ва реабилитация марказига ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олганлар 145 нафарни ташкил қиляпти. Уларнинг икки нафари вафот этди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor