Эр-хотин ҳайдовчи билан йўл талашиб, жанжаллашди (видео)

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида йўл талашиш оқибатида юзага келган жанжал акс этган видео тарқалиб, шаҳар аҳолиси ва меҳмонларининг кескин эътирозларига сабаб бўлди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, воқеа йўлнинг цемент ташувчи махсус техника томонидан тўсиб қўйилгани ортидан келиб чиққан. Йўлдан ўтмоқчи бўлган фуқаро техника ҳайдовчиларидан йўлни бўшатишни сўраган.

“Бу цемент кўтарадиган машина ўша йўлни ёпиб қўйган эди. Ўтиб бўлмасди. Кейин мен булардан илтимос қилдим”, деган жанжалда иштирок этган фуқаро.

Унинг сўзларига кўра, техника ҳайдовчилари ундан бироз кутиб туришни сўраган. Шундан сўнг улар билан фуқаронинг турмуш ўртоғи ўртасида оғзаки тортишув юзага келган.

“Булар айтди: “Ака, икки дақиқа шошмай туринг”, деди. Шу билан озгина аёлимга ҳақоратли гап-сўзлар ҳам айтди. Мени ҳам жаҳлим чиқиб, буларга битта шапалоқ қўйдим. Жаҳл чиққанда ақл кетади. Ҳақиқатан қизишиб кетдим. Нотўғри бўлди шу қилган ишим”, дея қўшимча қилган у.

Шунингдек, аёлга қўпол гапирган эркак ҳам айбини тан олган.

“Аёли билан жанжал келиб чиққанидан кейин, жаҳл устида ақл кетади-ку, сўкиб қўйдим”, деган у.

Мазкур воқеани бир фуқаро четдан туриб видеога олган. Техника ҳайдовчиси эса тасвирларни ўзининг Instagram саҳифасига жойлаганини, бироқ видео бундай шов-шувга сабаб бўлишини кутмаганини айтган.

“Қизиқишга, шунчаки қўйиб кўрдим, холос, у видеони. Ўзимнинг Instagram’имга қўйилди. Шов-шув қилгим келмади. Бунақа бўлиб кетишини билганимда жойламасдим”, деган у.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарлик содир этган фуқароларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (Пиёдалар ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши) асосида тегишли ҳужжатлар Миробод тумани судига тақдим этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда такси ҳайдовчиси ва йўловчи аёл ўртасидаги можаро ортидан икки блогер ҳамда улардан бирининг опасига нисбатан жиноят иши қўзғатилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг