“Энг кўп қурбон”. Конгода Эбола билан касалланганлар 11 мингдан ошди
Олам
−
14:36 604 2 дақиқа
Конго Демократик Республикасида Эбола вирусини юқтирганлар сони 11 мингдан ошди. Касаллик оқибатида 5 387 киши вафот этди. Бу мамлакат тарихидаги энг йирик ва энг кўп қурбонларга сабаб бўлган Эбола эпидемияси ҳисобланади. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Конго Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бугун, 11 ноябрь кунги маълумотларига кўра, мамлакатда жами 11 042 киши вирусни юқтирган. Уларнинг қарийб ярми касаллик оқибатида ҳаётдан кўз юмган.
Эпидемия май ойининг ўрталарида эълон қилинган. Шундан бери мамлакат расмийлари вирус тарқалишини тўхтата олмаяпти. Бунга қуролли тўқнашувлар, соғлиқни сақлаш тизимидаги инқироз, йўлларнинг ёмон аҳволи ҳамда аҳолининг вирусга ишончсизлиги тўсқинлик қилмоқда. Айрим ҳудудларда одамлар тиббиёт ходимларига қаршилик кўрсатмоқда, ҳатто уларга ҳужум қилмоқда.
Эпидемияга Бундибугио вируси сабаб бўлмоқда. Ҳозирча ушбу вирусга қарши вакцина ҳам, махсус даволаш усули ҳам мавжуд эмас. Касаллик Конгонинг 26 провинциясидан саккизтасига тарқалган.
Айниқса, Итури ва Шимолий Киву провинцияларида қуролли тўқнашувларнинг кучайиши тиббиёт ходимларининг беморларга етиб боришини қийинлаштирмоқда. Соғлиқни сақлаш идоралари касалланганларга ёрдам кўрсатиш учун жангларни тўхтатишга чақирган.
Мутахассислар вирус тарқалишини жиловлаш учун қўшимча чоралар кўриш зарурлигини билдирмоқда. Эбола Уганда, Кения ва Нигерия каби бошқа Африка давлатларида ҳам тарқалган.
Маълумот учун, Эбола вируси илк бор 1976 йилда аниқланган. Касалликнинг энг йирик ва ҳалокатли эпидемияси 2014–2016 йилларда Ғарбий Африкада юз берган. Ўшанда 28 минг киши вирусни юқтирган, 11 мингдан ортиқ одам вафот этган.
Конгодаги ҳозирги эпидемия эса касалланганлар ва қурбонлар сони бўйича тарихдаги иккинчи энг йирик Эбола эпидемиясига айланган. У эълон қилинганидан кейинги шу даврда Ғарбий Африкадаги эпидемияга қараганда камида уч баравар кўп касалланиш ва ўлим ҳолатлари қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конго Демократик Республикасида Эбола вируси билан касалланганларнинг ўлим даражаси 51,6 фоизга етгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси10:01