Энергия ресурслари истеъмолида тартиб-интизом йўқ – Мирзиёев
Жамият
−
11 Август 2023
6126Бугун, 11 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳрида ўтган видеоселекторда энергия ресурслари истеъмолида тартиб-интизом ҳалигача тўлиқ таъминланмагани танқид қилинди. Бу ҳақда Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг ўтган етти ойида ҳудудларда 160 миллион киловатт соат электр ва 290 миллион куб метр газ ноқонуний ишлатилиб, тармоқ корхоналарига 355 миллиард сўмлик зарар етказилгани аниқланган.
Йиғилишда Бош прокуратура ва Энергия инспекцияси тизимига юқоридаги масалалар юзасидан катта ваколат ва ресурслар берилгани, лекин улар йўқотишларни олдини олиш билан эмас, балки оқибати билан курашаётгани кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, туман ҳокимлари, прокурорлар, ички ишлар ва департамент раҳбарлари қайси туманда энергияни ўғирлаш давом этса, нореал қарздорлик ошиб кетса, электр ва газ раҳбарларига қўшилиб жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилган.
“Яна бир бор таъкидлайман. Бир-икки ойдан сўнг куз-қиш мавсуми бошланади. Уни беталафот ўтказиш, энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларига энергия ресурсларини кафолатли етказиб бериш бўйича ишларни ҳозирданоқ бошлаш зарур”, деган давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев электр энергиясини тежаш бўйича Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент вилояти, Фарғона ва Тошкент шаҳри режасидаги талабларни бажармаганини ҳамда энергетика комплекси раҳбарлари бу ишларни пастда тизимли ташкил қила олмаётганини ҳам танқид остига олган эди.