Энергетика, вакцинация, туризм... Президент МО давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида қатор таклифлар берди
Жамият
−
06 Август 2021
4991Бугун, 6 август куни Туркманистондаги “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.
Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов раислик қилган саммитда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, шунингдек, БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ раҳбари Наталья Герман иштирок этди.
Марказий Осиё улкан геостратегик ва геоиқтисодий аҳамиятга эга минтақа. Бу ерда 74 миллиондан ортиқ аҳоли яшайди. Уларнинг тарихи ва маданияти, мамлакатларнинг иқтисодиёти ва инфратузилмаси боғланиб кетган.
Давлат раҳбари бир неча бор таъкидлаганидек, минтақа мамлакатлари олдида умумий саъй-ҳаракатлар билан Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага айлантиришдек бош мақсад турибди. Бу мақсадга эришиш, минтақа салоҳиятини тўла юзага чиқариш, ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Шавкат Мирзиёев 2017 йилда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди.
Бу ҳаётий ташаббус қардош халқларнинг манфаатларига мос бўлгани учун кенг қўллаб-қувватланди ва тезда амалга ошди. Биринчи саммит 2018 йил март ойида Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида, иккинчиси эса 2019 йил ноябрда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган эди.
Авазада ташкил этилган навбатдаги учрашув ҳам ғоят муҳим ва мазмунли бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида умумий сиёсий ирода ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида бугун минтақа яхши қўшничилик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва барқарор тараққиёт маконига айланиб бораётганини таъкидлади.
"Бу ерда янги сиёсий муҳитни шакллантиришда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашувларининг ўрни беқиёс. Олий даражадаги мунтазам учрашувларимиз минтақанинг бетакрор салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда", деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этиб, қатор таклифларни илгари сурди.
Бугунги воқелик Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделини шакллантириш бўйича қатъий қадамларни тақозо этаётгани таъкидланди. Янги ўсиш нуқталарини, узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган янги ривожланиш “драйвер”ларини аниқлаш муҳим аҳамиятга эга.
Минтақа ичидаги савдони кенгайтириш зарурлиги, тўлақонли эркин савдо режимига ўтиш мақсадида мавжуд тўсиқларни бартараф этиш муҳим экани қайд этилди. Саноат кооперацияси, инновациялар ва рақамли технологияларни ривожлантириш ҳисобига қўшилган қийматнинг узун занжирларини яратиш мумкин.
Бунинг учун мамлакатлар тадбиркорлари ва ҳудудлари ўртасидаги бевосита алоқаларни рағбатлантириш, инвестиция ва иқтисодий форумларни мунтазам ўтказиб бориш лозимлиги таъкидланди.
Президент Шавкат Мирзиёев Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг умумий йўналишлари тўғрисидаги битимни қабул қилиш фурсати келганини айтди.
Марказий Осиёнинг транспорт-транзит салоҳиятини самарали ишга солиш минтақа мамлакатларининг умумий стратегик манфаатларига мос келади. Кенг ривожланган ва интеграциялашган транспорт тизими Евроосиё қитъасининг муҳим транзит “хаб”ига айланишга қодир.
Шу муносабат билан давлат раҳбари мавжуд транспорт йўлаклари ва инфратузилмасини, шу жумладан, Каспий денгизи портлари, йирик трансчегаравий логистика марказларини имкон қадар тўлиқ қувват билан ишлашини таъминлашга чақирди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон келажакда “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул - Пешавор” трансафғон йўлаги, “Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон” автомобиль ва темир йўллари имкониятларидан фойдаланиш ниятида.
Шунингдек, санитария талабларига риоя қилган ҳолда транспорт қатновларини тўлиқ тиклаш муҳим экани қайд этилди.
Минтақада миллий иқтисодиётлар ва аҳоли сони ўсиши таъсирида энергетик хавфсизлик масалалари тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу муносабат билан умумий энергетика маконини шакллантириш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириш, бунда “яшил” энергетика ва энергия тежамкор технологияларни жадал жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё мамлакатларининг Электр энергетикаси мувофиқлаштирувчи кенгашини фаоллаштириш, унинг мандати ва ваколатларини кенгайтириш ҳамда мамлакатларнинг кенгашдаги вакиллик даражасини оширишни таклиф қилди.
Пандемия шароитида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдаги муаммолар ўткир тус олганига эъибор қаратилди. Дунёнинг айрим минтақаларида нархлар ўсиши ва асосий озиқ-овқатларнинг етишмовчилиги кузатилмоқда.
Давлат раҳбари минтақа мамлакатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг мунтазам учрашувларини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлаб, биринчи йиғилиш кун тартибига озиқ-овқат хавфсизлигини мониторинг қилиш бўйича минтақавий тизимни жорий қилиш масаласини киритиш таклифини билдирди.
Бу озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳамда уларнинг сифатини назорат қилиш, шу жумладан, жаҳон бозорига етказиш бўйича аниқ йўналишлар ва қўшма дастурларни белгилаб олишга хизмат қилади.
Пандемияга қарши курашишни мувофиқлаштириш ва ўзаро ёрдам кўрсатиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Шавкат Мирзиёев шу мақсадда тест натижалари ва эмлаш сертификатларини тан олиш бўйича ягона ахборот тизимини ишга тушириш, юқумли касалликларни профилактика, диагностика қилиш ва даволаш, тиббиёт ходимларини тайёрлаш соҳасидаги тажриба алмашишни кенгайтириш, фармакология соҳасида илмий ҳамкорликни ҳамда ҳаётий муҳим дори воситаларини ишлаб чиқаришда кооперацияни йўлга қўйиш таклифларини илгари сурди.
Давлат раҳбари минтақанинг экологик муаммолари ҳамиша диққат марказида бўлиши кераклигини таъкидлади. Бу борадаги ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, Орол денгизи ҳалокатининг оқибатларини юмшатиш бўйича барча чораларни кўриш зарур.
Шу маънода Ўзбекистон Президенти мамлакатларнинг иқлим ўзгаришларига мослашишига, ресурс тежовчи технологияларнинг яна кенг жорий этилишига хизмат қиладиган “Марказий Осиё учун “яшил” кун тартиби” минтақавий дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Ўзбекистон етакчиси минтақанинг дунёнинг бошқа йирик минтақалари билан алоқаларини мустаҳкамлаш муҳим эканини қайд этди. Яқинда Тошкент шаҳрида ўтган Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги бўйича халқаро конференцияни қўллаб-қувватлагани ва делегациялари унда фаол иштирок этгани учун давлат раҳбарларига миннатдорлик билдири.
Умумий саъй-ҳаракатлар билан ушбу масала бўйича БМТ Бош ассамблеясининг махсус резолюцияси қабул қилиниши, бу жараёнда БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ҳам фаол иштирок этишига ишонч билдирилди.
"Мамлакатларимиз тараққиётида минтақа аҳолисининг аксариятини ташкил этаётган ёшлар муҳим ўрин тутишини барчамиз англаб турибмиз. Бутун дунёда ёш авлоднинг онги ва қалби учун кураш давом этаётган бугунги кунда Марказий Осиё келажагининг ҳал қилувчи кучи бўлган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашимиз керак", деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари келгуси йилда Ўзбекистонда Марказий Осиё ёшлари форумини ўтказишни таклиф этди. Бу мамлакатлар ҳукуматлари ва ёшлари ўртасида ишонч ва дўстликни мустаҳкамлаш, улар ўртасида интерфаол мулоқотни йўлга қўйиш учун платформа шакллантиришда муҳим қадам бўлади.
Умумий маданий маконни янада ривожлантириш халқлар ўртасидаги қардошлик муносабатларини мустаҳкамлашнинг муҳим омилидир.
Ўзбекистон Президенти Марказий Осиёнинг маданий меросига бағишланган фестиваллар, маданият ва кино кунларини ўтказиш, биргаликда китоблар нашр қилиш муҳим эканини таъкидлади.
Халқларни яқинлаштиришга хизмат қиладиган яна бир омил бу – туризм соҳаси. Минтақа ичида сайёҳлар алмашинувини кўпайтириш учун қўшимча рағбатлардан фаол фойдаланиш муҳимдир.
Давлат раҳбари туризм хизматларининг бутун доирасини қамраб оладиган “Бир саёҳат – бутун минтақа” қўшма дастурини амалий рўёбга чиқариш таклифини илгари сурди.
"Бугунги саммит муҳим воқеа – давлатларимиз мустақиллигининг ўттиз йиллиги арафасида ўтаётгани билан алоҳида аҳамият касб этади. Бу йиллар барчамиз учун қийин давр бўлди. Асосий хулоса шуки, биргаликда, жипс бўлиб, бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, олдимизда турган муаммоларнинг ечимига эришамиз, минтақанинг барқарор тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини оширамиз. Бошқа муқобил йўл йўқ!" деди Президент Шавкат Мирзиёев.
Минтақавий ҳамкорлик жараёнларига барқарор тус бериш, шу мақсадда “халқ дипломатияси”, парламентлар, фуқаролик жамияти институтлари ва медиа соҳаси салоҳиятидан яна кенг фойдаланиш муҳим экани қайд этилди.
"Марказий Осиё аёллари мулоқоти янада ривожланаётгани, гендер тенглик соҳасидаги глобал мақсадларга эришишга қаратилган мулоқотлар кенгайиб бораётганини олқишлаймиз", деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Парламентаризмнинг роли ортиб бораётганини ҳисобга олиб, Президент Тошкент шаҳрида Минтақавий парламент форумини ўтказишни таклиф этди.
Ўз нутқини якунлар экан, давлат раҳбари Маслаҳат учрашувининг натижалари Марказий Осиёдаги биродар халқларнинг кўп қиррали шериклигини янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирди.