Эндиликда ичимлик ва оқова сув учун тўловлар фақат электрон шаклда қабул қилинади
Жамият
−
12 Ноябрь
3636Ўзбекистонда 1 декабрдан ичимлик ва оқова сув хизматлари тўловлари фақат электрон шаклда қабул қилинади. Бу ҳақда “Ўзсувтаъминот” хабар берди.
Қайд этилишича, бу чора соҳада шаффофликни таъминлаш, ҳамда коррупцион ҳолатларга барҳам бериш мақсадида амалга оширилмоқда. Негаки сўнгги вақтларда соҳада бир қанча коррупциявий ҳолатлар аниқланган. Жумладан, тўловни нақд шаклда амалга ошириш билан боғлиқ бир қанча қонунбузилиш ҳолатлари кузатилган.
Хусусан, жамиятнинг Коррупцияга қарши курашиш комплаенс-назорат бошқармаси Сирдарё вилояти бўйича инспектори томонидан ҳудудий сув таъминотининг мижозлар бўлими аҳоли назоратчиси Ў.Б. Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи 36 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг ишончига кириб, истеъмол қилинган ичимлик суви учун ундирилган жами 52 миллион 427 минг 706 сўм пул маблағларини акциядорлик жамияти ва фуқароларнинг ҳисоб рақамига кирим қилмасдан, ўзининг шахсий манфаатлари учун ишлатиб юборгани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Ў.Б.га нисбатан тўпланган ҳужжатлар Сирдарё вилояти прокуратурасига тақдим қилинган ва Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “а” (оз миқдорда фирибгарлик) банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда “Хоразм сув таъминоти” АЖнинг 5 та туман филиали масъул шахслари томонидан истеъмолчиларнинг ичимлик суви учун тўлов қилинган жами 380 миллион сўм маблағларини банк ҳисоб рақамларига кирим қилмасдан, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган. Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Шу сабабли эндиликда 2024 йил 1 декабрдан бошлаб назоратчи ва сув таъминоти ходимларига тўловларни нақд пул кўринишида амалга ошириш тўхтатилади.
LiveБарчаси