Шарлар учун божхона тўловларини 10 бараварга ошириш таклиф қилинди
Жамият
−
01 Июль
5664Ўзбекистонга шарларни олиб кириш учун божхона тўловларини 10 бараварга ошириш таклиф қилинди. Бу ҳақда Экология вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, аввалроқ ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятидаги “Наврўз” истироҳат боғида 5 минг дона шар учирилиши ҳақида хабар тарқалган. Бундан хабар топган Миллий гвардия ва Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги ходимларидан иборат ишчи гуруҳ воқеа жойига етиб келган.
Ишчи гуруҳ томонидан вазиятни ўрганиш чоғида шарларнинг учирилиши тўхтатилган.
“Таъкидлаш жоизки, вазирлик пластик ўйинчоқлар, шарларни учириш, табиатни ифлослантиришга, чиқиндилар билан тўлдиришга сабаб бўладиган бошқа шу каби тадбирлар қоралайди. Бу каби ҳолатлар тақиқланган ва жавобгарликка сабаб бўлади. Хусусан, аввалроқ “Янги Ўзбекистон” боғида 10 000 та пластик ўрдакчалар туширилмоқчи эканлиги хабарлар тарқалганди. Вазирлик бу ҳолат юзасидан кескин муносабат билдирди. Натижада бу тадбир бекор қилинди.
Афсуски, атроф- асраб-авайлашга бефарқ айрим тадбиркорлар ва ижтимоий тармоқ фаоллари ҳаво шарлари учирилиши каби тадбирларни ўтказишда давом этмоқда”, дейди Экология вазирлиги.
Билдирилишича, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Экология вазирлиги томонидан турли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, шарларни Ўзбекистонга олиб кириш учун божхона тўловларини 10 бараварга ошириш, мамлакатда шар учириш каби тадбирларни ўтказмоқчи бўлганларга утилизация талабини қўйиш ва бунда шарларнинг нархига нисбатан 100 баравар миқдорда нарх белгилаш таклиф қилинмоқда.
LiveБарчаси