Энди йўловчи ўзи юрган масофа учун алоҳида йўлкира тўлаши мумкин

Жамият

image

2020 йилдан умумий фойдаланиладиган транспортда йўловчи ташиш учун йўл ҳақи тўловларини амалга оширишнинг aвтоматлашган тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги вакиллари матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзмоқда ЎзА. 

Йўловчилар оқимини бошқариш учун 2020 йилдан янги тизимда иш юритилади. Бунда жамоат транспорти учун ягона транспорт карталари, тўловни амалга ошириш имконини берадиган мобил илова ҳамда бир марталик QR чипталар жорий этилади. Мазкур карталарни савдо нуқталари, агентлик тармоқлари, метрополитен, автовокзал, темир йўл кассалари ва аэропортлардан сотиб олиш мумкин бўлади.

Бу транспорт карталарининг ўзининг нархи 8-9 минг сўм атрофида бўлиб, у узоқ муддат ишлатишга мўлжалланган. Ҳар ойда керакли миқдорда маблағни банк пластик карталари, банкоматлар, киосклар, тўлдириш терминаллари ҳамда мобил иловалар орқали амалга ошириш мумкин. Бунда жамоат транспорти хизматидан имтиёзли асосда фойдаланиш ҳуқуқига эга алоҳида фуқаролар транспорт карталарини давлат хизматлари марказлари орқали олишлари мумкин.

Хўп, энди йўлкира нархлари қанча бўлади, унда ўзгаришлар кутиладими? 

“Бу тизимда битта тўлов билан бир нечта транспорт ёки транспорт туридан фойдаланиш мумкин бўлади. Яъни бир марта 1400 сўм тўлаб автобус+метрода юриш мумкин. Бунда вақт ҳамда масофадан келиб чиққан ҳолда белгиланадиган қулай тариф режалари жорий этилади. Йўловчи белгиланган вақт ичида манзилга етиб боргунча бир нечта транспортдан фойдаланиш учун ўзига қулай тариф режаларини, мисол учун мобиль алоқадаги тарифлар каби ўзига қулай бўлган хизматни танлаб олиши мумкин бўлади”, дейди Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директори Муроджон Абидов.

Аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий фойдаланиладиган транспортда йўловчи ташишда йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилингани, унга кўра, умумий фойдаланиладиган транспортда йўловчи ташиш учун йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилиши ҳақида хабар берган эдик.

Шаҳноза Тўрамуротова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Вазирлар Маҳкамаси

Баҳолаганлар

102

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг