Энди йўллардаги камералар ҳам жарима баллари ҳисоблайди
Жамият
−
27 Октябрь 8687 2 дақиқа
Ўзбекистонда 2026 йил 1 апрелдан бошлаб фото ва видеокамералар орқали аниқланган қўпол қоидабузарликлар учун жарима баллари ёзилиши бошланади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 25 октябрдаги 676-сон қарорида келтирилган.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда йўлларда ўлим ҳолатларининг олдини олиш мақсадида махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимлари орқали аниқланган қоидабузарликлар учун жарима баллари ҳисобланади.
Бунда жарима балларини транспорт воситасининг мулкдори ва мазкур транспорт воситасидан фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар асосида белгиланган тартибда ишончнома, суғурта полиси, йўл варақаси орқали фойдаланувчи бошқа ҳайдовчиларга тақсимланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тартиби жорий йил 1 июндан кучга кирганди. Бу Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 6 май куни қабул қилинган “Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида” қарорида белгиланган.
Қарорга мувофиқ, жарима баллари ҳайдовчиларга нисбатан фақат ЙПХ ходимлари томонидан расмийлаштирилган жарималар асосида, автоматлаштирилган тартибда инсон омилисиз e-jarima модули орқали ҳисоблаб борилади.
Қайд этиш жоиз, қарор билан автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш мосламалари орқали аниқланган қоидабузарликлар учун жарима баллари ёзилмаслиги белгиланган эди. Бу масала камералар қайд этган қоидабузарлик вақтида автомобиль рулидаги шахсни идентификация қилиш имконияти яратилганидан кейин кўриб чиқилиши, Ички ишлар вазирлиги ҳукуматга бу борада хулоса киритиши кераклиги айтилганди.
Шунингдек, 12 ой мобайнида йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган ҳайдовчиларга рағбатлантириш тариқасида кейинги даврда қоидаларни биринчи марта бузганлиги учун биринчи жарима балли ҳисобланмайди.
Ҳайдовчига жарима балли ёзилганидан кейин у 6 ой давомида бошқа қоидабузарлик содир этмаса, унинг жарима балларидан 2 жарима балли чегириб ташланади.
Ҳайдовчининг ҳисобидаги жарима баллари 12 ой ичида 12 баллга етиб қолса, тегишли ҳужжатлар судга инсон омилисиз, автоматик юборилади ва ҳайдовчи SMS орқали хабардор қилинади. Суд бундай ҳайдовчиларни 6 ойдан 3 йилгача муддатга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этади.
Қуйида айрим қоидабузарликлар учун бериладиган жарима баллари:

Live
Барчаси