Энди Европа газни ўйлаб ишлатади. Путин муҳим қарорни имзолади
Олам
−
31 Март 2022
29291Россия Президенти Владимир Путин дўст бўлмаган давлатлар билан газ савдоси қоидалари тўғрисидаги фармонни имзолаганини маълум қилди. Унга кўра, бу каби давлатлар Россия банкларида рублда ҳисоб очиши керак.
“Бугун мен Россия табиий газини дўстона бўлмаган давлатлар билан савдо қилиш қоидаларини белгиловчи фармонни имзоладим”, дейди Президент.
Унга кўра, агар дўст бўлмаган мамлакатлардан келган харидорлар янги тўлов шартларини бажармаса, амалдаги газ етказиб бериш шартномалари тўхтатилади. Янги қоидалар 1 апрелдан кучга кириши маълум қилинди.
“Биз бундай давлатларнинг пудратчиларига аниқ ва шаффоф схемани таклиф қиламиз: Россия табиий газини сотиб олиш учун улар Россия банкларида жорий йилда рубль ҳисоб рақамларини очишлари керак”, дейди Путин.
Эслатиб ўтамиз, Россия Президенти Владимир Путин дўст бўлмаган мамлакатларга табиий газ етказиб бериш учун тўловларни рублда қабул қилишга кўрсатма берганди. Унга кўра, Россия томонининг эндиликда Европа Иттифоқи ва АҚШга маҳаллий товарларни доллар ва еврода етказиб беришидан маъно йўқ.
“Шунинг учун, мен дўст бўлмаган давлатларга етказиб берилаётган табиий газимиз учун тўловларни қисқа вақт ичида Россия рублига ўтказиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишга қарор қилдим”, дея таъкидлаган Путин.
Президентнинг қўшимча қилишича, Россиянинг дўст бўлмаган давлатлар билан газ ҳисоб-китоблари рублга айлантирилгач, хорижий истеъмолчилар зарур операцияларни амалга ошириш имкониятига эга бўлиши керак. Яъни газ сотиб олишни хоҳлаган давлат аввало Россиядан рубль олиши лозим.
У бугун, 31 март куни Вазирлар Маҳкамаси, Россия банки ва “Газпром” компаниясининг дўст бўлмаган мамлакатларга газ етказиб бериш учун тўлов валютасини рублга ўзгартириш ҳақидаги ҳисоботини қабул қилган бўлиши керак.
Аввалроқ, Қатар давлат Энергетика вазири Саад ал-Кааби Россиянинг газ учун рублда тўлаш талаби ҳарбий вазиятга муносабат бўлиб, узоқ муддатли шартномаларга таъсир қилиши даргумонлигини айтганди. Германия Бундестагининг иқлим ва энергетика бўйича қўмитаси раҳбари Клаус Эрнст эса Германия Россия гази учун тўловни рублда тўлаши мумкин, бироқ бунда у Россия Марказий банкидан рубль олиши ва шу орқали ўзининг санкцияларини четлаб ўтиши кераклигини билдирган эди.
LiveБарчаси