Энди ёшга доир пенсия тайинлашда ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди
Жамият
−
01 Ноябрь 2023
14408Ўзбекистонда 2025 йилнинг 1 мартидан бошлаб 60 ёшли эркаклар ва 55 ёшга етган аёлларга пенсиялар шу куннинг ўзида бирор-бир турдаги ҳужжат талаб этилмаган ҳолда тайинланади. Бу ҳақда кеча, 31 октябрь куни қабул қилинган Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Маълум қилинишича, кеча, 31 октябрь куни Шавкат Мирзиёевнинг “Аҳолига пенсия тайинлаш бўйича кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Қарорга кўра, 2024 йил 1 январдан:
• фуқароларга пенсия тайинлаш учун қўшимча равишда Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам мурожаат қилиш имконияти яратилмоқда;
• фуқароларга пенсия тайинланганидан сўнг АТ “Халқ банки”да жамғарган пенсия пулини олиш учун Пенсия жамғармасидан қоғоз шаклидаги сертификат бериш тартиби бекор қилинмоқда.
Бунда, шахсга оид маълумотлар (фуқаронинг ёши, жинси), иш стажи, иш ҳақи (тўланган ижтимоий солиқ суммаси) ва оила таркиби (турмуш ўртоғи ва фарзандлари) Адлия вазирлиги, Бандлик вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитасининг электрон базаларидан олинади. Натижада эса фуқароларга пенсия тайинлаш учун қўшимча ҳужжатлар йиғиш ҳамда ўзи истиқомат қилувчи Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмасига мурожаат қилиш талаб этилмайди.
Шунингдек, фуқаро “Халқ банки”да меҳнат фаолияти давомида ҳар ойлик ажратмалари асосида жамғарган маблағларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки банкнинг мобиль иловаси орқали олиш имконияти яратилмоқда.
Бундан ташқари, пенсия ёшига етган, аммо пенсияга чиқмасдан ишини давом эттириш истагида бўлган ёки пенсия миқдоридан норози бўлган фуқароларга автоматик тайинланган пенсияни тўхтатиш ҳуқуқи берилмоқда. Қонунчиликка мувофиқ пенсия миқдоридан норози бўлган фуқаролар пенсия миқдорига таъсир этувчи қўшимча ҳужжатларни исталган вақтда тақдим этиши мумкин бўлади.
LiveБарчаси