Энди ўзбекистонликларнинг ҳайдовчилик гувоҳномалари БААда ҳам ўтади
Жамият
−
03 Декабрь 2023
8565Эндиликда Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари фуқароларининг ҳайдовчилик гувоҳномалар икки мамлакатда ўзаро тан олинади. Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ва БАА Бош вазири ўринбосари — Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён ушбу қоидани назарда тутувчи ҳужжатни имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ хабар берди.
Гап шундаки, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги делегация Бирлашган Араб Амирликлари Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга доир масалаларни муҳокама қилиш, Амирликлар томонидан сўнгги йилларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўналишида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар билан танишиш мақсадида мазкур мамлакатга ташриф буюрган.
Абу-Даби шаҳрида БАА Бош вазири ўринбосари — Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён билан бўлиб ўтган учрашувда томонлар ўзаро амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари, хусусан, трансмиллий уюшган жиноятчилик, терроризм, экстремизм, одам савдоси ва кибержиноятларга қарши биргаликда курашиш, мазкур йўналишларда ходимларнинг малакасини ошириш ва ўзаро тажриба алмашишни муҳокама қилдилар ҳамда истиқболдаги режаларни белгилаб олган.
Ташриф доирасида “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати ўртасида ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олиш ва алмашиш тўғрисида”ги Англашув меморандуми икки давлат Ички ишлар вазирлари томонидан имзоланган.
Мазкур Англашув меморандумининг кучга кириши билан ҳар икки давлат фуқаролари ўзларининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари билан иккинчи томон давлатининг ҳудудига ташриф буюрган даврда (узоқ муддатга яшаш учун келганлар бундан мустасно) транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўладилар.
Шунингдек, БАА резиденти бўлган (узоқ муддат яшаш ҳуқуқини олганлар) миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга Ўзбекистон фуқаролари эса Амирликлар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш вақтида тегишли назарий ва амалий синовларни топширишдан озод қилиниши кўзда тутилган.
Ҳужжат 2024 йилнинг 27 январь кунидан кучга кириши белгиланган.