Энди Украинада ҳам маҳбуслар урушга сафарбар қилинади
Олам
−
18 Май
3809Украина Президенти Владимир Зеленский кеча, 17 май куни маҳбусларни сафарбар қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда Олий Рада сайтида маълум қилинди.
Ҳужжатга кўра, Украинадаги айрим тоифадаги судланганлар ва маҳкумлар ҳарбий ҳолат даврига шартнома асосида ихтиёрий равишда армия сафига қўшилишлари мумкин бўлади. Бунинг учун улар шартли озодликка чиқиш ҳуқуқига эга бўлади, аммо ҳамма ҳам армияга сафарбар қилинмайди. Бундай қарор суд томонидан қабул қилинади.
Украина Мудофаа вазирлиги сафарбар қилинган маҳбуслар махсус кучларда хизмат қилишини тушунтирди. Уларни рўйхатга олиш учун ҳарбий-тиббий комиссиянинг хулосаси ва бундай жангчиларни қабул қилиш учун қўмондоннинг розилиги талаб қилинади.
Билдирилишича, миллий хавфсизликка қарши жиноятлар, икки ёки ундан ортиқ шахсни қасддан ўлдириш, жинсий эркинлик ва жинсий дахлсизликка қарши жиноятлар, ўта оғир коррупция жиноятлари учун судланган шахслар армия сафига сафарбар этилиши мумкин эмас.
Украина Адлия вазири ўринбосари Елена Висоцкаянинг сўзларига кўра, беш мингга яқин маҳкум шартли озодлик эвазига ҳарбий хизматга боришга тайёр. Ўз навбатида, Украина Адлия вазирлиги раҳбари Денис Малюська BBC'га берган интервьюсида "ўндан йигирма минггача" маҳбусларни сафарбар қилиш мумкинлигини айтди.
Журналистларнинг Россия колонияларидан маҳбусларни жанговар зонага жўнатиш билан қандайдир ўхшашлик борми, деган саволига Малюська шундай жавоб берди:
"Албатта, ўзимизни алдашнинг ҳожати йўқ, аммо биз ҳали ҳам ёндашувлардаги фарқ ҳақида гапирамиз. Улар учун бу мажбурий сафарбарлик эди, ҳамма кетишга мажбур бўлди, ҳеч ким тайёрланмади, тайёргарликсиз бу шунчаки "гўшт" эди”.
Маҳкумларни сафарбар қилиш тўғрисидаги қонун Олий Рада томонидан 2024 йил 8 майда қабул қилинган. 11 апрель куни Украина парламенти депутатлари “Сафарбарлик тўғрисида”ги қонунга, жумладан, ҳарбий хизматдан бўйин товлаганлар учун жавобгарликни кучайтирувчи ўзгартиришларни маъқуллаган.
LiveБарчаси