Энди ўқитувчиларнинг фарзандларига ҳам имтиёз берилади

Жамият

image

Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига имтиёзли рўйхатга асосан қабул қилиниши белгиланмоқда. Бу ҳақда бугун, 29 сентябрь куни Олий мажлис Сенатининг қирқ бешинчи ялпи мажлиси кун тартибидан ўрин олган ва сенаторлар томонидан маъқулланган “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонунда сўз боради.

Мазкур қонунга ўқитувчининг ўз касбий фаолиятини амалга ошириш чоғида педагогнинг касбий фаолиятига аралашиш, уни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш, куз-қиш даврида ва ишланмайдиган байрам кунларида таълим ташкилотида навбатчиликка жалб этиш, ўқитувчининг зиммасига товарлар ва хизматларни сотиб олиш мажбуриятини юклаш, шу жумладан, лавозим маошидан унинг розилигисиз товарлар ва хизматлар учун маблағ ушлаб қолиш каби ҳолатларнинг тақиқланиши киритилмоқда.

“2022 йилда умумий ўрта таълим тизимида 52 нафар педагог бошқа ишларга жалб этилган, 1 555 нафари мажбурий обуна қилинган, 4 195 нафарининг иш ҳақидан маблағлар ушлаб қолинган”, деган қонун муҳокамаси чоғида Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминов. 

Бундан ташқари, мазкур қонун билан педагогнинг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича қоидалар мустаҳкамланмоқда. Унга кўра, меҳнатнинг алоҳида шароитларида, республиканинг олис ҳудудларида ҳамда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ишлайдиган педагогга устамалар белгилаш назарда тутилган. Фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) учун базавий лавозим маошининг 30 фоизигача, фан доктори (DSc) ва профессор илмий унвонига эга педагоглар учун базавий лавозим маошининг 60 фоизигача ҳар ойлик устама тўланиши қонунда алоҳида кўрсатилган.

Шунингдек, қонунда ўқитувчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатлари ҳам назарда тутилади. Хусусан, педагоглар учун қисқартирилган иш вақти, давомийлиги кўпи билан эллик олти календарь кундан иборат бўлган ҳақ тўланадиган ҳар йилги асосий узайтирилган меҳнат таътили белгиланади. Уларга республиканинг олис ҳудудларида уй-жойларни ижарага олганлик учун ҳар ойлик компенсация тўланиши, давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида муаллимларни мажбурий бепул тиббий кўрикдан ўтказиш белгиланмоқда.

Сенаторлар мазкур қонуннинг қабул қилиниши педагог ходимнинг жамиятдаги мақомини юксалтириш, унинг фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий муносабатларни тартибга солиш ва касбий камол топиши учун шароит яратиш ҳамда ҳуқуқий кафолатларни таъминлашга хизмат қилишини айтган.

“Муҳим қонун. Кутилган қонун. Биз бугун бир миллат, бир давлат бўлиб ўз олдимизга қўйган мақсадларга эришишда, айнан таълим-тарбия стратегик аҳамиятга эга. Бугунги кунда мамлакатимиздаги мактабгача, умумий ўрта ва олий таълим муассасаларида жами 640 минг нафардан зиёд ўз ишининг жонкуяри бўлмиш педагоглар фаолият олиб бормоқда. Қонун биринчи навбатда ана шу миллат фидойиларининг ҳақ-ҳуқуқларини, жамиятдаги обрў-эътиборини юксалтиришга, қолаверса улар орқали миллионлаб фарзандларимизни қамраб олган таълим даргоҳларида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга, таълим-тарбия сифати ошишига хизмат қилиши билан аҳамиятли.

Мазкур қонун педагог мақомини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаши баробарида, ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашга оид ишларимизни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишига ишонамиз”, деган Сенат раиси Танзила Норбоева.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ иқтисодчи Отабек Бакиров имтиёзлар тартибга солиниши эмас, тугатилиши кераклигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон ўқитувчи имтиёз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг