Энди ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлар қамалиши мумкин
Жамият
−
27 Март 2023
5410Ўзбекистонда педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Бу Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан бугун, 27 март куни “Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонунда ўз асосини топган.
Ушбу қонунга кўра, амалдаги қонунчиликка педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи норма киритилмоқда. Бундан ташқари, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Бунда:
1) Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг:
– 51-моддасида (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) педагог ходимни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш учун жавобгарлик белгиланмоқда (30 млн сўмдан 45 млн сўмгача жарима).
Амалдаги қонунчиликда педагогларни меҳнатга мажбурлаш учун жавобгарлик кўзда тутилмаган эди;
– 1975-моддасидаги таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш учун белгиланган маъмурий жавобгарлик кучайтирилмоқда (фуқароларга 2,1 млн сўмдан 4,5 млн сўмгача, мансабдор шахсларга эса 3 млн сўмдан 6 млн сўмгача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ белгиланмоқда);
Амалдаги қонунчиликда юқорида кўрсатилган конунбузарлик учун фуқароларга 1,5 млн сўмдан 3 млн сўмгача, мансабдор шахсларга эса 3 млн сўмдан 4,5 млн сўмгача жарима кўзда тутилган.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 148-2-моддасида (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) педагог ходимни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш учун, агар худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, жиноий жавобгарлик белгиланмоқда (45 млн сўмдан 60 млн сўмгача жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари).
Ўзбекистонда педагогларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга ноқонуний жалб этиш ҳолатлари давом этмоқда.
Мисол учун, педагогларни маҳалла ва бошқа жамоат ташкилотлари томонидан ўтказиладиган тадбирларга, Давлат тест маркази томонидан ташкил этиладиган қабул тест синовларига, ҳудудий раҳбарлар учун турли ҳисобот тайёрлашга жалб этиш ҳолатлари.
Бу каби нотўғри амалиётлар мактабларда педагогларнинг таълим бериш жараёнларига тўлиқ тайёрланиш, ўқувчиларга сифатли таълим бериш ишларига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
– ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштиришлик;
– республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишликлари ва бекор қилишларини таъминлаш;
– ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилиши таъминланиши юкланмоқда.
Амалдаги қонунчиликка киритилаётган қўшимча ва ўзгаришлар педагог ходимларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади. Бундан ташқари, уларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеи янада кўтарилади. Энг асосийси, таълим соҳасини ривожлантиришда катта қадам қўйилади.