Энди терговдаги қийноқ ва камситиш учун давлат компенсация тўлайди
Жамият
−
30 Март 2022
4620Ўзбекистонда тергов жараёнида шахс қадр-қиммати камситилса, унга етказилган зарарни давлат тўлаб беради. Бу Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган Қонун (29.03.2022 йил) билан Фуқаролик кодексига киритилган қўшимчада белгиланган.
Унга кўра, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суд томонидан шахсга нисбатан ҳар қандай қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш натижасида етказилган зарар давлат томонидан тўла ҳажмда қоплаб берилади.
Эслатиб ўтамиз, Фуқаролик кодексига қийноқдан жабрланган шахсларга етказилган зарарлар билан бирга, бой берилган фойда ва сарфланган харажатлар ҳам тўлаб берилиши назарда тутган қўшимчани киритиш тўғрисидаги қонун ўтган йилнинг 28 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган, 17 мартда эса Сенат томонидан маъқулланган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 235-моддасига биноан Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш, яъни маъмурий қамоққа олинган шахсга, шунингдек гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга, гувоҳга, жабрланувчига, жиноят процессининг бошқа иштирокчисига ёхуд уларнинг яқин қариндошларига улардан ёки бошқа учинчи шахсдан бирор-бир ахборот олиш, жиноят содир этганлигига иқрорлик кўрсатуви олиш мақсадида, уларни содир этилган қилмиш учун ўзбошимчалик билан жазолаш ёхуд бирор-бир ҳаракатни содир этишга мажбурлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг ёки бошқа давлат органининг ходими томонидан ёхуд унинг далолатчилигида ёки хабардорлигида ёхуд индамай берган розилиги билан бошқа шахслар томонидан қўрқитиш, уриш, дўппослаш, қийнаш, азоб бериш йўли билан ёки қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар воситасида содир этилган қонунга хилоф руҳий, психологик, жисмоний босим ўтказиш ёки бошқача тарзда босим ўтказиш, — муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлган зўрликни қўллаган ҳолда ёхуд шундай зўрликни қўллаш таҳдиди билан;
б) миллий, ирқий, диний ёки ижтимоий камситиш замирига асосланган ҳар қандай сабаб бўйича;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан;
г) такроран;
д) кекса шахсга ёки ночор аҳволдаги шахсга, вояга етмаган шахсга ёхуд ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан;
е) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан;
ж) ҳаётга ва соғлиққа зарар етказиши мумкин бўлган ашёлар қўлланилиб;
з) далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш) мақсадида содир этилган бўлса, — муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар баданга оғир шикаст етказилишига ёхуд бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, — муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
LiveБарчаси