Энди тарвузнинг пишганини билиш учун чертиб кўриш шарт эмас
Технология
−
12 Август 2023
25451Москва физика-техника университетида мутахассислар Android учун маҳсулотларнинг пишганини аниқлайдиган мобиль иловани яратди. Бу ҳақда “Pledge Times” нашри хабар берди.
Илова сабзавот ва мевалар орқали ўтадиган Wi-Fi сигналини таҳлил қилиб, фойдаланувчига уларнинг пишганлик даражасини аниқлаб беради.
Дастур зарур бўлганда, сабзавотга зарар етказмасдан, унинг сифатини билиш учун фойдали бўлади. Мисол учун, тарвуз ёки қовуннинг қаттиқ қобиғи уларнинг ичини кўришни қийинлаштиради. Янги илова орқали эса қобиқни кесиб кўрмай туриб, пишган ёки йўқлигини аниқлаш мумкин.
“Пиширишнинг физик ва кимёвий мезонлари бор. Хусусан, меваларнинг пишиши билан уларда шакар миқдори ортади. Бу ички муҳитнинг хусусиятларини ўзгартиради. Улар маҳсулот орқали ўтадиган Wi-Fi сигнали даражасига таъсир қилади. Бундай ҳолда, смартфон антеннаси ихчам анализатор(аниқловчи) ҳисобланади. Бу сигнални тутиш учун шунчаки дастур яратиш керак эди”, деди янгилик муаллифларидан бири Дмитрий Филонов.
Унинг сўзларига кўра, мобиль телефон антенналари жуда сезгир. Улар атроф-муҳит параметрларидаги кичик ўзгаришларни аниқлашлари мумкин.
Дмитрий келажакда илова бошқа операцион тизимлар учун мослаштирилишини айтди. Шунингдек, олимлар супермаркетлардаги стационар қурилмалар учун ҳам худди шундай ечим устида ишламоқда. Улар ўз-ўзига хизмат кўрсатиш режимида ўрнатилади ва мижозларга маҳсулот сифатини аниқлашга ёрдам беради.
Эслатиб ўтамиз, Британиялик мутахассислар фойдаланувчилар томонидан босилган тугмаларни товуш орқали аниқлайдиган алгоритмни ишлаб чиқди.