Энди судланганларга Россия фуқаролиги берилмайди

Олам

image

Россияда ҳукумат комиссияси судланганлиги олиб ташланмаган ёки бекор қилинмаган чет элликларга Россия фуқаролигини, вақтинча яшаш рухсатномасини (ВЯР) ёки яшаш учун рухсатномани (ЯР) беришни тақиқлашни маъқуллади. Бу ҳақда комиссия йиғилиши материалларига таяниб, ТАСС хабар берди.

Қайд этилишича, гап “Россия Федерацияси фуқаролиги тўғрисида”ги қонунга киритиладиган ўзгартишлар ҳақида бормоқда. Кейинчалик аниқланган олиб ташланмаган ёки бекор қилинмаган судланганлик фуқаролик, яшаш учун рухсатнома ёки вақтинча яшаш рухсатномасини бериш ҳақидаги қарорни бекор қилишга асос бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, қонун кучга киришидан олдин ҳужжатларни олган шахслар ушбу ташаббус таъсир доирасига кирмайди.

Бундан ташқари, комиссия яна бир қонун лойиҳасини маъқуллаган. Унга кўра, чет элликлар Миграция хизматига (ИИВ) ҳужжат топширишда судланганлик бор-йўқлиги ҳақида маълумотнома тақдим этиши шарт бўлади. Бундай маълумотнома бошқа давлатнинг ваколатли органи томонидан берилиши ва Россияда ариза топширилишидан камида уч ой олдин расмийлаштирилган бўлиши лозим.

Бироқ янги тартибдан баъзи истиснолар мавжуд. Хусусан, 14 ёшга тўлмаган шахслар судланмаганлик ҳақида маълумотнома тақдим этишдан озод қилинади. Шунингдек, Украина фуқаролари учун икки йиллик ўтиш даври белгиланмоқда. Улар ушбу муддат давомида маълумотнома тақдим этиши шарт эмас.

2025 йилнинг июль ойида Россия Президенти Владимир Путин Россия фуқаролигидан маҳрум этиш учун асослар рўйхатини сезиларли даражада кенгайтирувчи қонунни имзолаганди. Улар қаторига жинсий зўравонлик, терроризмга очиқча чақириқлар, Россия хавфсизлигига зарар етказувчи хорижий давлатлар ёки ташкилотлар билан яширин ҳамкорлик, Россия иштирокисиз халқаро тузилмалар қарорларини бажаришга кўмаклашиш, шунингдек, мамлакат душманларига ёрдам бериш киради.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия фуқаролиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг