Энди шахматда ҳам VAR тизими жорий этилади
Спорт
−
05 Июль 2023
2528Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) яқин орада ҳакамларга видео ёрдам (VAR) тизимини жорий этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда FIDE Матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, аллақачон футбол, волейбол, теннисда ўз самарадорлигини исботлаган мазкур тизим эндиликда шахматда ҳам синаб кўрилади. idChess технологияси дастлаб шахмат бўйича ёшлар ўртасидаги Ғарбий Осиё чемпионати (Western Asia Youth Chess – 2023) доирасида амалда қўлланилади.
“Шахматчиларнинг хотиржамлик билан ўйнашига алданманг”, дейилади федерация хабарида.
Маълум қилинишича, шахматда VAR'дан фойдаланиш уч босқичда амалга оширилади:
- рақибнинг қоидабузарлигини қайд этиш учун ўйинчилардан бирининг ҳакамга мурожаати;
- VAR кўриб чиқиш ва тавсиялар бериш (агар idChess платформаси ёрдамида трансляция мавжуд бўлса, ҳакам мобил иловада ўйин трансляциясини тўхтатиб туриши ва ўйинчиларнинг хатти-ҳаракатларини кўрсатадиган VAR ёрдамида ўйин видеосини томоша қилиши мумкин);
- қарор қабул қилиш.
Шунингдек, мазкур тизимни шахматда ҳам жорий қилиш орқали баҳсли нуқталар сонини минимал даражага тушириш мақсад қилингани, бу усул футболдаги кўплаб жанжалли вазиятларнинг олдини олгани таъкидланган.