Энди Президент исталган маҳкумни афв этиши ва озодликка чиқариши мумкин
Жамият
−
27 Январь 2021
14276Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Президенти маҳкумнинг ёки жазони ўтаб бўлган шахснинг афв этишни сўраб ёзган илтимосномаси мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар ўз ташаббуси билан исталган маҳкумни ёки жазони ўтаб бўлган шахсни афв этиши мумкин. Бу ҳақда Президент томонидан кеча, 26 январь куни имзоланган ПФ-6146 сонли фармонда сўз боради.
Фармонга кўра, Президентнинг ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмаларининг Фуқаролик, афв этиш ва сиёсий бошпана бериш масалалари бўйича шўъбаси – Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмаларининг фуқаролик ва афв этиш шўъбаси этиб ўзгартирилган.
Эндиликда Президент маҳкумнинг ёки жазони ўтаб бўлган шахснинг афв этишни сўраб ёзган илтимосномаси мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар ўз ташаббуси билан исталган маҳкумни ёки жазони ўтаб бўлган шахсни афв этиши мумкин.
Ушбу тартиб қандай амалга оширилади?
Президент томонидан имзоланган маҳкумнинг ёки жазони ўтаб бўлган шахсни афв этиш тўғрисидаги топшириқ хати Шўъбага юборилади.
Шўъба Президентдан топшириқ хатини олган кундан эътиборан бир иш куни ичида Президент ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича Комиссияси аъзоларига мажлис ўтказилиши куни ва жойи ҳақида хабар беради.
Комиссия мажлиси якунида бўйича Шўъба томонидан маҳкумларни ёки жазони ўтаб бўлган шахсларнинг шахсини ва ҳужжатларини ўрганиш учун ишчи гуруҳлар шакллантирилади ва уларнинг жойларга чиқиши ташкил этилади.
Ишчи гуруҳ Комиссия муҳокамасига киритиш учун ҳужжатлари ажратиб олинган маҳкумлардан ёки жазони ўтаб бўлган шахслардан уларга нисбатан афв этиш масаласи кўриб чиқилишига эътирози йўқлиги ҳақида розилик хати олади. Розилик хатига зарур ҳужжатлар илова қилинади.
Маҳкум ёки жазони ўтаб бўлган шахс розилик хатини ёзмаган тақдирда, унинг ҳужжатлари Комиссиянинг муҳокамасига киритилмайди.
Комиссия ишчи гуруҳ томонидан тақдим этилган ҳужжатларни муҳокама қилиб, афв этилиши мумкин бўлган маҳкумлар ёки жазони ўтаб бўлган шахслар бўйича баённома қарорини қабул қилади ва Президентга таклиф киритади.
Комиссиянинг маҳкумни ёки жазони ўтаб бўлган шахсни афв этишга тавсия қилишни рад этганлиги, уларга келгусида афв этишни сўраб илтимоснома билан мурожаат қилишга монелик қилмайди.
Амалда қандай эди?
Афв этиш тўғрисидаги илтимосномаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги маслаҳат-кенгаши органи ҳисобланган Комиссия томонидан амалга оширилади.
Комиссиянинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади. Комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, шунингдек, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда «Нуроний» жамғармаси вакиллари киритилади.
Комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, шунингдек, бошқа давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари ҳамда бошқа шахслар ҳам киритилиши мумкин.
Афв этиш тўғрисидаги илтимоснома маҳкум ёки жазони ўтаб бўлган шахс, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан афв этиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳуқуқи берилган шахс (орган)лар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ёзма шаклда берилади.
Афв этиш тўғрисидаги илтимосномани Комиссия томонидан кўриб чиқиш муддати илтимоснома келиб тушган кундан бошлаб уч ойдан ошмаслиги лозим.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь