Энди пневматик қуролини давлатга топширганлар жавобгарликка тортилмайди
3-саҳифа
−
18 Май
4522Эндиликда ўқотар бўлмаган, яъни пневматик қуролларни ўз хоҳиши билан ҳуқуқ-тартибот органларига топширган шахслар жавобгарликка тортилмайди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг бугун, 18 май куни бўлиб ўтаётган эллик иккинчи ялпи мажлисида сўз борди.
Ялпи мажлисда “Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2201-моддасига қўшимча киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Ўзбекистонда қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш мақсадида “Қурол тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган.
Гап шундаки, ўзининг қонунга хилоф эгалигида бўлган ўқотар қуролни ўз ихтиёри билан топширган шахсларни жавобгарликдан озод этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида мустаҳкамлаб қўйилган қоида шахслар бошқа турдаги қуролни ўз ихтиёри билан топширганда уларни жавобгарликдан озод қилиш муаммосини ҳал этмайди.
Амалдаги қонунчиликка кўра фуқаро ўз ихтиёри билан пневматик қуролни олиб келиб топширса ҳам ушбу қурол мусодара қилиниб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан ўттиз бараварига, мансабдор шахсларга эса – йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши мумкин.
Ваҳоланки, Жиноят кодексининг 248-моддасида жамоат хавфсизлиги даражаси анча юқорироқ бўлган ўқотар қуролни ўз ихтиёри билан топширган шахс жавобгарликдан озод қилиниши кўзда тутилган.
Сенаторлар томонидан бугун кўриб чиқилган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2201-моддасига шахсни ўзининг қонунга хилоф эгалигида бўлган пневматик, сигнал берувчи, тиғли совуқ, улоқтириш қуроли ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини ихтиёрий равишда топширганда маъмурий жавобгарликдан озод қилиш имкониятини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.
Муҳокамадан сўнг Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
LiveБарчаси