Хитойдаги ўзбекистонликлар бугун қайтарилади
Жамият
−
04 Февраль 2020
5604Бугундан Пекин ва Ухандаги Ўзбекистон фуқароларини чартер рейслар орқали Ўзбекистонга олиб келиниши бошланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 29 январ имзоланган фармойишга асосан коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси тузилган эди. Мазкур коммиссиянинг кеча бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида Хитойдаги ўзбекистонликларни мамлакатга қайтариш билан боғлиқ долзарб вазифалар атрофлича муҳокама қилинган.
Унда Ўзбекистон фуқароларини Ухан шаҳри ва Хитойнинг бошқа ҳудудларидан олиб келиш учун чартер рейслар ташкил этилиб, дастлабки чартер рейслар 4-5 февраль кунлари амалга оширилиши айтилган. Шунга кўра, бугун биринчи чартер рейс Пекин шаҳридан келиши кутилмоқда. Йўловчилар махсус тайёрланган тиббиёт муассасаларига жойлаштирилади.
“Мазкур муассасалар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида тўлиқ халқаро карантин талаблари асосида жиҳозланган. Хусусан, коронавирус диагностикаси воситаларининг зарур захиралари яратилган, керакли дори ҳамда дезинфекция воситалари, ускуналар, сарфлаш материаллари, шунингдек, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган. Соҳанинг етук мутахассислари томонидан Ухан шаҳри ва Хитойнинг бошқа ҳудудларидан олиб келинган фуқаролар алоҳида назорат остида бўлиб, мунтазам тиббий текширувлардан ўтказиш билан бир қаторда барча зарур хавфсизлик чоралари кўрилади. Шунингдек, мазкур тиббиёт муассасаларида керакли маиший воситалар ва зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланган”, дейди Санитария-эпедимиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов.
Чартер рейсларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология илмий текшириш институтининг юқумли касалликлар бўйича мутахассис ва эпидемиологлари шахсий ҳимоя воситаларида ҳамроҳлик қилишади. Улар томонидан эвакуация қилинган йўловчилар самолётга чиқиш пайтида дастлабки тиббий кўрикдан ўтказилади. Лозим бўлганда зарур тиббий ёрдам кўрсатиш ва парвоз пайтида биологик хавфсизликни таъминлаш учун барча зарур воситалар тақдим этилади. Мазкур самолётларда Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси буюртмасига асосан мамлакатда қолиб, фаолиятини давом эттириш истагини билдирган ҳамюртларимизга зарур антисептик ва дезинфекция воситалари етказилади ҳамда бепул берилади.
Хитойдан келган фуқаролар ушбу касалликни яширин даврида, яъни 14 кун давомида қатъий карантинга олинади. Халқаро санитария — эпедимиология мезон ва талабларидан келиб чиқиб, барча хавфсизлик чоралари қўрилган.