Энди одамлар исмини космосга юбориши мумкин
Олам
−
27 Январь 1733 1 дақиқа
NASA бутун дунё аҳолиси учун ўз исмларини Ойга юбориш имкониятини тақдим этмоқда. Бу ҳақда “The News Times” хабар берди.
Маълумотларга кўра, бу жараён яқин орада Artemis II миссияси орқали амалга оширилади. Исмлар Orion космик кемасига жойлаштириладиган махсус SD-картага ёзилади. Шу орқали одамлар миссияларда жисмоний бўлмаса ҳам исмлари билан қатнашиши мумкин. Бу ташаббус орқали NASA бутун дунё аҳолисини космик тадқиқотларга қизиқтирмоқда.
Астронавтлар космик кеманинг ҳаётийлигини, навигация ва алоқа тизимларини синовдан ўтказиш мақсадида Ой атрофида 10 кунлик парвозда бўлиб, Ерга қайтиши кутилмоқда.
Махсус топшириқни NASA астронавтлари Рид Уайсмен, Виктор Гловер, Кристина Кук ҳамда Жереми Хансен амалга оширади.
Хўш, қандай қилиб исмни космосга юбориш мумкин?
NASA’нинг “Исмингизни космосга юборинг” ташаббуси орқали ҳар ким ўз фамилияси, исми ва ПИН-кодини NASA сайтига киритиши мумкин. Жараён тугагач, фойдаланувчилар ўзларига рақамли чипта юклаб олади. Бу сувенир сифатида хизмат қилади. Жараён бир неча дақиқа вақт олади ва мутлақо бепул.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг InterstellOr хусусий компанияси 2028 йилда сайёҳларни космос чегарасига олиб чиқиш режасини эълон қилганди. Чипталар нархи асосан 3 миллион юань (тахминан 430 минг АҚШ доллари) этиб белгиланган.
Суннатова Фарангиз
Live
Барчаси