Энди мактабларда Қуролли кучлар захирасидаги ҳарбийлар ишлайди
Жамият
−
07 Ноябрь
13774Эндиликда чақириққача бошланғич тайёргарлик ўқитувчиси штати Мудофаа вазирлигига ўтади ва бу вазифага Қуролли кучлар захирасидаги ҳарбийлар жалб этилади. Бу ҳақда бугун, 7 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган мактабларда мусиқа, жисмоний тарбия ва ҳарбий ватанпарварлик фанлари сифатини ошириш бўйича тақдимотда сўз боради.
Қайд этилишича, бугун замоннинг ўзи ҳар бир фуқародан ватанпарвар бўлишни тақозо этмоқда. Бунда, айниқса, ҳарбий хизматчилар, чақириққача бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари ўрнак бўлишлари керак.
Ҳозир мактабларда қарийб 10 минг нафар ана шундай педагоглар фаолият кўрсатмоқда. Лекин уларнинг 27 фоизи номутахассис. 2 минг 750 та мактабда ушбу фан учун шароит етарли эмас.
Шу боис энди чақириққача бошланғич тайёргарлик ўқитувчиси штати Мудофаа вазирлигига ўтади. Энди бу вазифага Қуролли кучлар захирасидаги ҳарбийлар ишга қабул қилинади.
Мазкур фан бўйича янги ўқув дастури ва дарсликлар яратилади. Ҳар бир туман ва шаҳарда биттадан мактаб негизида “Жасорат мактаби” фаолияти йўлга қўйилади.
Мутасаддилар шу борадаги ишларни ташкил этиш режалари юзасидан ахборот берди. Олий ўқув юртларида мазкур йўналишлар бўйича педагоглар тайёрлашни тубдан ўзгартириш, малака талаблари ва таълим сифатини ошириш бўйича топшириқлар берилди.
Ёшларни оммавий спортга кенг жалб қилиш ҳам муҳим. Мактабларда 22 та олимпия, 19 та ноолимпия, 4 та миллий спорт турлари ўргатилади. Лекин жисмоний тарбия ўқитувчилари учун услубий қўлланмалар йўқ. Ўқувчиларни селекция қилиш тизимли эмас. Шунинг учун жисмоний тарбия фани бўйича ўқув қўлланмалар ишлаб чиқилиб, ўқув дастурлари такомиллаштирилади. Ушбу фан ўқитувчиларининг билим даражаси ва касбий маҳоратини аниқлаш бўйича миллий баҳолаш тизими йўлга қўйилади.
Келгуси ўқув йилидан бошлаб, босқичма-босқич ҳамма жойда мактаб спорт клублари ташкил этилади. Бу йўналишда ҳам ўқитувчиларга тоифа беришнинг янги тартиби, мактабларнинг спорт бўйича рейтинг тизими ишлаб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олий таълим муассасаларининг мусиқа ва санъат йўналиши битирувчиларига мактабларда ишлашга рухсат берилиши хабар қилинган эди.