Мусиқа ва санъат йўналиши битирувчиларига мактабда ишлашга рухсат берилади
Жамият
−
07 Ноябрь
3372Олий таълим муассасаларининг мусиқа ва санъат йўналиши битирувчиларига мактабларда ишлашга рухсат берилади. Бу ҳақда бугун, 7 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган мактабларда мусиқа, жисмоний тарбия ва ҳарбий ватанпарварлик фанлари сифатини ошириш бўйича тақдимотда сўз боради.
Мактаблардаги мусиқа ўқитувчиларининг 21 фоизи ўрта махсус маълумотли. Баъзиларининг ўзи чолғу чала олмайди. Сабаби мусиқа ўқитувчиларининг амалий малака ошириш тизими йўқ, бу борада санъат мактаблари билан ҳамкорлик йўлга қўйилмаган. Маданият институтлари битирувчилари ўқитувчиликка қабул қилинмайди.
Шу боис мактабларда сабоқлар сифатини ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар таклиф этилмоқда.Хусусан, мусиқа маданияти фани ўқитувчиларининг билим даражаси ва касбий маҳорати баҳоланиб, малака ошириш тизими йўлга қўйилади. Бу йўналиш бўйича ўқув қўлланмалари, ўқитувчиларга тоифа беришнинг янги тартиби ишлаб чиқилади. “Турон мактаб театри”нинг ижобий тажрибаси асосида мактабларда “Иқтидор” ҳаваскорлар бадиий жамоалари ташкил этилади. Олий таълим муассасаларининг мусиқа ва санъат йўналиши битирувчиларига мактабларда ишлашга рухсат берилади.
Ҳудудлардаги мусиқа ва санъат мактабларини умумтаълим мактабларига таянч мактаб сифатида бириктириш, иқтидорли ўқувчиларни кашф этиш мақсадида мунтазам кўрик-танловлар ўтказиш зарурлиги қайд этилди.