Энди Қозоғистонда қамалган ўзбекистонликлар жазони ўз ватанида ўташи мумкин

Жамият

image

Эндиликда Қозоғистон суд томонидан озодликдан маҳрум қилинганлар жазонинг тўлиқ муддатини ёки жазо ўтаётганлар, белгиланган муддатнинг қолган қисмини Ўзбекистонда ўташи кутилмоқда. Худди шундай амалиёт Ўзбекистонда ҳукм қилинган Қозоғистон фуқароларига нисбатан ҳам қўлланилади. Бу “Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида озодликдан маҳрум этилган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун топшириш тўғрисидаги шартномани (Нур-Султон, 2021 йил 6 декабрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳасида ўз аксини топган. 

Қонун лойиҳаси кеча, 22 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мажлисда қайд этилганидек, жиноят содир этиш натижасида озодликдан маҳрум этилган чет эл фуқароларига белгиланган жазони ўз давлатида ўташлари учун имконият яратилиши уларни қайта тарбиялаш ҳамда ижтимоий реабилитация қилиш имкониятини беради.

Ушбу Шартномани ратификация қилиш орқали унинг кучга кириши маҳкумларни топшириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани шакллантириб, икки давлат ваколатли органларининг ушбу соҳадаги ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини оширади.

Мазкур халқаро шартномада аҳдлашувчи томонлар шартномада белгиланган шартларга биноан бир-бирларининг илтимосномалари бўйича ҳукм чиқарган давлат ҳудудида жиноят содир этганлик учун жазони ижро этиш муассасаларида озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтаётган ва бошқа аҳдлашувчи томоннинг фуқароси бўлган маҳкумларни ҳукм ижро этиладиган давлатга ўтказиш тартиби белгиланган. Жумладан, маҳкум ҳукм чиқарилган томон худудидан ҳукм ижро этиладиган томон ҳудудига жазони ёки унинг қолган қисмини ўташ учун топширилиши мумкин.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан атрофлича муҳокама қилиниб, қабул қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

43

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг