Энди чет эл валютасида облигациялар чиқариш мумкин
Жамият
−
04 Май 1623 3 дақиқа
Ўзбекистон молия бозорида янги имконият очилди ва эндиликда тадбиркорлар ўз облигацияларини нафақат сўмда, балки чет эл валютасида ҳам чиқаришлари мумкин бўлади. Бу ҳақда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) маълум қилди.
Адлия вазирлиги капитал бозори соҳасида “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режими доирасида чет эл валютасида ифодаланган облигацияларни чиқариш ва жойлаштириш тўғрисидаги идоравий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди. Хусусан, чет эл валютасида ифодаланган облигациялар – номинал қиймати ва даромади чет эл валютасида ифодаланган облигация эгасининг облигациянинг номинал қийматини ва эмиссия рисоласида назарда тутилган даромадни олиш ҳуқуқини тасдиқловчи эмиссиявий қимматли қоғоз ҳисобланади. Ўзбекистон резиденти ва “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режими иштирокчиси бўлган ҳамда йиллик молиявий ҳисобот бўйича мустақил аудиторлик ташкилотининг ижобий хулосасига эга бўлган юридик шахслар рўйхатдан ўтказилган хужжатга кўра, чет эл валютасидаги облигацияларни чиқариши мумкин бўлади.
Адлия вазирлигининг бу қарорини оддийроқ қилиб айтганда, энди маҳаллий компаниялар аҳоли ва бошқа тадбиркорлардан доллар (ёки бошқа валюта) ҳисобида қарз олиши мумкин бўлади. Одатда компаниялар ривожланиш учун пул керак бўлса, банкка борарди. Энди эса, улар махсус «қарз қоғозлари»ни – облигацияларни сотувга чиқара олади.
Бунда, 1 та эмитент томонидан валюта облигациялари чиқарилишининг умумий суммаси 50 млн АҚШ доллари эквивалентидан ошмаслиги керак. Валюта облигациялари таъминланган ёки таъминланмаган ҳолда чиқарилиши мумкин бўлади.
Валюта облигацияларини таъминотсиз чиқаришга уларни чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинган санадаги эмитентнинг ўз капитали миқдори доирасида йўл қўйилади. Эмитентнинг ўз капитали миқдоридан ошиб кетган тақдирда, эмитент валюта облигацияларини таъминотсиз чиқариш учун ошиб кетган сумма миқдорига таъминот тақдим этиши шарт.
50 миллион долларлик лимит бу бир компания (эмитент) қанча миқдорда қарз олиши мумкинлиги белгиланган чегара. Яъни, битта компания жами чиқарадиган валюта облигацияларининг суммаси 50 миллион доллардан ошиб кетмаслиги керак. Бу аҳоли ва инвесторларнинг пулларини ҳимоя қилиш учун қўйилган тўсиқдир. Токи компания ўзи кўтара олмайдиган даражада катта қарзга ботмаслиги мақсадида. Компания шу ҳолатда ўз чўнтагидаги пулидан кўп қарз олмоқчи бўлса, албатта гаров (залог) кўрсатиши шарт бўлади.
Валюта облигацияларини чиқариш, жойлаштириш ва уларнинг муомаласи, шунингдек валюта облигацияларининг даромадларини тўлаш ва сўндириш устидан назорат Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан амалга оширилиши хужжатда белгиланди.
Ойбек Рустамов
Live
Барчаси