Энди бола бир вақтнинг ўзида ота ва онасидан алимент ундириши мумкин
Жамият
−
11 Март 2020
11027Ўн тўрт ёшга тўлган бола бир вақтнинг ўзида ота ва онадан вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунида қайд этилган.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига қуйидагича қўшимчалар киритилмоқда:
Қарор қабул қилишга ваколатли бўлган органлар ва мансабдор шахслар боланинг манфаатларига тааллуқли масалаларни ҳал қилишда боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар, кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилиши керак.
Ота-она ва бола алоҳида-алоҳида яшаган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола бир вақтнинг ўзида ота ва онадан вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли.
Шунингдек, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда ҳам қуйидагича қўшимчалар киритилади:
Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганда, шу жумладан ота-она (улардан бири) ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар болага таъминот, тарбия ва таълим бериш бўйича мажбуриятларини бажармаганда ёки лозим даражада бажармаганда ёхуд ота-оналик ҳуқуқларини суиистеъмол қилганда бола ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб васийлик ва ҳомийлик органига, шунингдек бошқа давлат органларига мустақил равишда мурожаат қилишга ҳақли. Бундай мурожаатларни бола тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмаганлиги сабабли кўриб чиқмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди.
Оилада ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда бола ўз фикрини ифода этишга, шунингдек ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама жараёнида сўзлашга ҳақлидир. Бунда қарор қабул қилишга ваколатли бўлган органлар ва мансабдор шахслар боланинг манфаатларига тааллуқли масалаларни ҳал қилишда боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар, кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилиши керак.
Шу билан бирга “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунга кирилаётган қўшимчага асосан, вояга етмаган шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари қуйидагича:
Вояга етмаган шахслар ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши масалалари юзасидан давлат органларига, ташкилотларга ёки уларнинг мансабдор шахсларига ушбу Қонунда белгиланган тартибда мустақил равишда мурожаат беришга ҳақли. Давлат органлари, ташкилотлар ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан вояга етмаган шахснинг мурожаатларини кўриб чиқиш унинг қонуний вакиллари, шунингдек васийлик ва ҳомийлик органлари иштирокида амалга оширилиши мумкин. Вояга етмаган шахслар тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмаганлиги сабабли уларнинг мурожаатларини кўриб чиқмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди.
Мурожаатда қўйилган масалаларни ҳал этиш ўз ваколатига кирмайдиган давлат органлари, ташкилотлар, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари мурожаатни тегишли давлат органига, бошқа ташкилотга ёки мансабдор шахсга ёхуд васийлик ва ҳомийлик органига юбориши шарт.
LiveБарчаси