Ёшлар қатламини 18 дан 35 ёшгача қилиб белгилаш таклиф қилинмоқда

Жамият

image

Ўзбекистон Республикасида “Ёшлар (ёш фуқаролар) тушунчасини ўн саккиз ёшга тўлган ва ўттиз беш ёшдан ошмаган шахслар” деб ўзгартириш таклиф қилинди. “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида шу мазмундаги петиция эълон қилинди.

Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунининг 3-моддасида ёшлар (ёш фуқаролар) ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган шахслар деб белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 3-моддасида бола (болалар) ўн саккиз ёшга тўлгунга (вояга етгунга) қадар бўлган шахс (шахслар) ҳисобланиши ҳам мисол қилиб келтирилган.

Ўзбекистон Республикасининг “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонунининг 3-моддасида вояга етмаган ўн саккиз ёшга тўлмаган шахс дея эътироф этилган.

Мурожаатга асосан амалдаги қонунчиликка мувофиқ, 14 ёшга тўлган ва 18 ёшга тўлмаган шахс — ҳам ёш, ҳам бола ва ҳам вояга етмаган шахс эканлиги келиб чиқмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги қонунининг 3-моддасида ҳомийлик — ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган етим болаларни ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, шунингдек, суд томонидан муомала лаёқати чекланган фуқароларни уларга таъминот, тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жойлаштиришнинг ҳуқуқий шакли ҳисобланиши белгиланган.

“Юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор имтиёзлар яратиб берилган. Улардан фойдаланиш, имтиёзли ипотека кредитлари асосида турар-жойларни сотиб олиш учун, шунингдек, ёшларнинг жамиятда ўз ўрни ва йўлини топиб олишида камида 5-7 йил сарф этилади. Шунингдек, мазкур масала юзасидан биргина Ўзбекистон Ёшлар иттифоқига ҳам жуда кўплаб мурожаатлар келиб тушади. Юқоридагилардан келиб чиқиб, ёшлар (ёш фуқаролар) тушунчасини ўн саккиз ёшга тўлган ва ўттиз беш ёшдан ошмаган деб белгилаш керак”, дейилади мурожаатда.

Петицияда Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги қонунининг 3-моддаси учинчи хатбошидаги “ёшлар (ёш фуқаролар) — ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган шахслар” жумласини “ёшлар (ёш фуқаролар) — ўн саккиз ёшга тўлган ва ўттиз беш ёшдан ошмаган шахслар” деб ўзгартириш таклиф қилинмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

қонун петиция

Баҳолаганлар

38

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг