Энди ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган қоровуллар мукофотланади

Жамият

image

Давлат органлари ва ташкилотларининг қоровуллик хизматлари ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бергани учун мукофотланиши мумкин. Тегишли тартиб жорий йилнинг 14 октябрь куни Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган "Давлат органлари ва ташкилотлари идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ҳуқуқбузарлик ва ҳодисалар юзасидан ички ишлар органлари ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларини хабардор қилиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисида"ги низомда белгилаб қўйилди.

Низомга мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотларида жиноятлар, ҳуқуқбузарликлар, гумондорлар, қидирувдаги шахслар, авариялар, ёнғин, ҳалокат ва бошқа ножўя ҳодисалар аниқланганда қоровуллик бўлинмалари:

•  дарҳол Ички ишлар бошқармаси органларига хабар беради;

•  ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари келгунича ҳуқуқбузарлик ва ҳодиса излари сақланишини таъминлайди;

•  ИИБ ва Миллий гвардия ходимларига ҳодиса тўғрисида ахборот беради;

•  табиий ва техноген фавқулодда ҳолатларни бартараф этади, одамларни қутқаради.

Шунингдек, қоровуллик бўлинмалари ИИБ ва Миллий гвардия бўлинмаларига ҳодиса ҳақида телефон орқали хабар бериши керак бўлади.

Низомга кўра, телефон бўлмаганида ёки ишламаганида алоқанинг бошқа турлари, масалан хуштакдан қуйидаги сигналлардан фойдаланилади:

•  “Ушла” – битта узун сигнал;

•  “Ёрдамга” – иккита қисқа сигнал.

Қоровуллик бўлинмалари хабари орқали жиноят, ҳуқуқбузарликлар содир этган қидирувдаги шахслар аниқланганда, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳолат бартараф этилганда қоровуллик бўлинмалари ходимлари 1 марталик пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар билан мукофотланиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

124

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг