Энди ҳокимларнинг сунъий интеллект бўйича ҳам маслаҳатчиси бўлади

Жамият

image

Ўзбекистондаги шаҳар ва туманларда ҳокимларнинг рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича маслаҳатчиси лавозими киритилади. Бу ҳақда бугун, 21 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Эндиликда вазирлар ва тармоқ раҳбарларининг рақамлаштиришга масъул ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида соҳада сунъий интеллектни ривожлантиришга ҳам жавобгар бўлиши белгиланди. Шаҳар ва туманларда ҳам ҳокимларнинг рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича маслаҳатчиси лавозими киритилади. 

Барча вазирлик ва ҳокимликларга ўз тузилмасида сунъий интеллектни ривожлантириш билан шуғулланадиган алоҳида бўлинма ташкил қилиш ва уларнинг олдига, энг аввало, иш самарадорлиги ва хизмат сифатини ошириш, ортиқча харажат, “яширин” иқтисодиёт ва бюрократияни қисқартириш каби масалаларга сунъий интеллект орқали ечим топиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб бериш топширилди. 

Юқори кўрсаткичга эришган, хорижий тил биладиган, технологик билими кучли 100 нафар мутахассис АҚШ, Европа, Сингапур, Япония каби давлатларга олти ойлик курсларга юборилади. 

Келгуси йилдан вазирлик ва ҳудудларда сунъий интеллектни жорий этиш ҳолатини баҳолайдиган рейтинг тизими ишга туширилади.

Маълумот учун, Ўзбекистонда сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилиниб, соҳанинг ҳуқуқий асослари яратилган. Қисқа даврда давлат хизматлари, банк-молия, жамоат хавфсизлиги, транспорт каби йўналишларда 30 дан ортиқ пилот лойиҳалар ишга тушди. 

Ўтган йили Сунъий интеллектни 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси тасдиқланди. Рақамли технологиялар вазирлигида мазкур соҳа билан ишлайдиган алоҳида марказ ташкил этилди. Бир йилда мамлакат сунъий интеллектга тайёргарлик бўйича халқаро индексда 17 поғона юқорилади (дунёда 70-ўрин, Марказий Осиёда 1-ўрин).

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёевнинг кеча, 20 октябрь куни қабул қилинган “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан ҳокимларнинг маънавият ва давлат тили бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилиши белгиланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев ҳоким сунъий интеллект

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг