Энди Ҳиндистон Россиядан эмас, АҚШдан нефть сотиб олади – Трамп

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Ҳиндистон Россиядан нефть сотиб олишни тўхтатишга ва АҚШдан кўпроқ нефть харид қилишга рози бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда у кеча, 2 февраль куни Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан бўлиб ўтган музокаралардан сўнг Truth Social тармоғида ёзиб қолдирди.

Трампнинг сўзларига кўра, суҳбат давомида томонлар савдо масалалари ва Россия–Украина урушини якунлаш мавзусини муҳокама қилган. Унинг айтишича, Моди Россиядан нефть харид қилишни тўхтатиб, асосан АҚШдан, эҳтимол Венесуэладан ҳам нефть сотиб олишга рози бўлган. Трамп бу қадам Украинадаги урушни тугатишга ёрдам беради, деб ҳисоблайди.

Шунингдек, Трамп АҚШ ва Ҳиндистон ўртасида савдо келишуви тузилганини ва у дарҳол кучга киришини эълон қилган. Келишувга кўра, АҚШ Ҳиндистон учун бож ставкаларини 25 фоиздан 18 фоизгача туширади. Ҳиндистон эса АҚШга нисбатан барча тариф ва нотариф тўсиқларни ноль даражагача камайтириш йўлида ҳаракат қилишга рози бўлган.

Бундан ташқари, Ҳиндистон АҚШдан энергетика, кўмир ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўз ичига олган товарларни 500 миллиард доллардан ортиқ миқдорда харид қилиш мажбуриятини олган.

Трамп Ҳиндистон билан муносабатлар келажакда янада мустаҳкамланишини айтиб, Моди билан ўзини “иш қиладиган етакчилар” деб таърифлаган.

Нарендра Моди эса Х ижтимоий тармоғида музокараларни изоҳлаб, Трампни мақтаган ва божларнинг камайтирилгани учун миннатдорлик билдирган. Бироқ у Россия нефтидан воз кечиш масаласини тилга олмаган.

ОАВнинг ёзишича, АҚШ ва Ҳиндистон бу келишувга бир неча ой давом этган мураккаб савдо музокараларидан сўнг эришган. 2025 йилнинг августида Трамп Ҳиндистонга қўшимча божлар жорий қилган, бунга сабаб сифатида Нью-Деҳлининг Россиядан нефть харид қилишда давом этаётганини кўрсатган эди. 2026 йил бошида эса Ҳиндистон Россия нефтини сотиб олишни тўхтатмаса, божлар яна оширилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган.

Музокаралар фонида ҳинд компаниялари Россия нефтини харид қилишни баъзида тўхтатиб, баъзида қисқартириб, кейин яна қайта бошлаган. Бу қарорларга АҚШнинг “Лукойл” ва “ Роснефть” компанияларига нисбатан жорий қилган санкциялари ҳам таъсир кўрсатган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг асосий экспорт нефти бўлган Urals маркали нефть нархи баррелига тахминан 34 долларгача пасайгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Дональд Трамп нефть Ҳиндистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг