Эмина Эрдўған биринчи хонимларга Фаластин бўйича чақириқ билан чиқди
Олам
−
16 Ноябрь 2023
5253Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг рафиқаси барча давлат раҳбарларининг турмуш ўртоқларини Ғазода ўлдирилганлар ва оммавий қирғин давом этаётган бир пайтда овози бостирилган ва ўчирилганларнинг овози бўлишга чақирди. У бу ҳақда кеча, 15 ноябрь куни Истанбулда бўлиб ўтган “Фаластин учун ягона юрак” саммитидаги нутқида сўз очди.
Унинг қайд этишича, бугун дунё гувоҳи бўлаётган нарса уруш эмас, балки фақат энг кучли ва энг шафқатсизлар омон қоладиган, бошқа ҳаётларни эса осонгина йўққа чиқариши мумкин бўлган дунё тартибини ўрнатишга уринишдир.
У саммитда иштирок этаётган давлат ва ҳукумат раҳбарларининг рафиқаларига юзланиб, шундай деди:
“Ғазо ва халқаро матбуот ходимлари, соғлиқни сақлаш ходимлари, гуманитар ёрдам ходимлари; уларни ҳимоя қилиш учун масъул бўлган халқаро ҳамжамият муваффақиятсизликка учраган бир пайтда, улар инсоният учун назорат бурчини ўз жонлари эвазига бажараётганларида, ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув эълон қилинмагунча, қаерда бўлишимиздан қатъи назар, барча воситалар билан уларни қўриқлайлик.
Янги жамоат майдонига айланган ижтимоий тармоқларда қўриқчи бўлиб, зудлик билан ўт очишни тўхтатишга, тинчликка ва инсонпарварлик ёрдамига чақиришда давом этайлик. Ҳар биримиз алоҳида кучли ва бирлашганда янада баланд овозимиз бор. Келинг, ҳозироқ улар ва дунё учун ўт очишни тўхтатиш йўлида сўзимизни бирлаштирайлик. Келинг, бу учрашувни сўздан ҳаракатга, Фаластинда тинчлик ташаббусига айлантирайлик. Чунки ўт очишни тўхтатиш бизнинг асосий мақсадимиз бўлса-да, бу якуний мақсад эмас. Келинг, бутун дунёни бир овоздан Фаластин ва Исроилда мустаҳкам тинчликка эришиш учун саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришга чақирайлик”, дейди Эмина Эрдўған.
Унинг айтишича, дунё фаластинлик болалар ва ёшларга ўлиш ёки ўлдирилишдан ташқари инсоний қадр-қимматга муносиб келажак қарздор.
“Шунинг учун ҳозир пойтахти Шарқий Қуддус бўлган ва ҳудудий яхлитлиги сақланиб қолган тўлиқ мустақил Фаластин давлатини ўз ичига олган икки давлат ечимини ваъда қилган узоқ вақтдан бери ўтиб кетган тинчликни ўрнатиш вақти келди”, дейди у.
Унинг урғу бериб айтишича, минтақа ва ҳатто дунё тинчлиги ҳамда осойишталиги учун Фаластиндаги ноҳақ ишғолга чек қўйиш ва Исроил босиб олган ерларини ўз эгасига, фаластинликларга қайтариши керак. Ғазо ўз фарзандларига порлоқ келажак тақдим этиши учун харобалар орасидан қайта тикланиши керак.
Туркия Президентининг рафиқаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти каби халқаро ташкилотлар таркибида Исроил томонидан вайрон қилинган мактаблар, боғлар ва шифохоналарни тиклаш учун жамғарма ташкил этишга чақирди.
Биринчи хоним Эрдўған саммитда иштирок этиб, видеомурожаат йўллаб, Фаластин учун бир овоз, бир юрак бўлиш чақириғини қўллаб-қувватлаган меҳмонларга миннатдорлик билдирди. Саммитда тинчлик ва биродарлик номидан айтилган ҳар бир сўз бир-бирига қоришиб, дунёда ва айниқса, қарор қабул қилувчилар кўз ўнгида ўз мазмунли ифодасини топишига умид қилишини айтди.
“Ёдда тутинг, бугун биз Фаластинни вайроналар, қон, кўз ёшлар ва тутун ичида кўришимиз мумкин, аммо бу қоронғу портрет ортида бизнинг Фаластин хаёлимиз бор. Бу фаластинлик болаларнинг дини ва миллатидан қатъи назар, Ғазо соҳилларида қўл бериб, биродар бўлиб югуриши орзуси. Лимон дарахтлари гул очган, қуёш нурлари зайтун шохларидаги меваларга тушган, оталар қўрқмасдан фарзандларини кутиб оладиган, оналар болаларини ўпиб, қабрга эмас, бешикка ётқизадиган Фаластин”, дейди Эмина Эрдўған.
Туркия биринчи хоними саммитда иштирок этган ва таклифини рад этмаган биринчи хонимларга юзланиб, шундай деди:
“Бу Фаластин орзуси бизнинг қўлимизда, ваъдаларимизда, бугунги амалларимизда. Бизни ўраб олган зулматда виждони билан инсониятга нур бўлишни ният қилган сизлар, яхшиям борсиз”.
Эслатиб ўтамиз, Истанбулда бўлиб ўтган саммитда Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг онаси Шайха Моза бинт Носир, Сенегал Президенти Маки Санинг рафиқаси Мариеме Файе Салл, Малайзия қироличаси Тунку Азиза Аминаҳ Маймунаҳ Искандария, Ўзбекистон Президентининг рафиқаси Зироат Мирзиёева, Конго Республикаси Президентининг рафиқаси Антуанетта Сассу-Нгессо, Бангладеш Президентининг рафиқаси Ребека Султона, Босния и Герцеговина Президентлик кенгашининг хорват аъзоси Желько Комшичнинг рафиқаси Сабина Комшич, Ливан Бош вазирининг рафиқаси Май Микати, Шотландия минтақавий бош вазири Ҳамза Юсуфнинг рафиқаси Надия Ал-Накла, Ливия Бош вазири Абдулҳамид Дибейбенинг рафиқаси Омина Али Муҳаммад Ал-Шавуш Ал-Дилавий, Фаластин махсус вакили Фериал Камел Абдалраҳмон Салим, Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар вазири Абдулла бин Зоид ан-Наҳённинг рафиқаси Шайха Алязиа бинт Саиф Ал Наҳаён, Миср режалаштириш ва иқтисодий ривожланиш вазири Ҳала Алсаид ва туркманистонлик дипломат Чинор Рустамова иштирок этди.
LiveБарчаси