Электромобиллар аккумуляторига утилизация йиғими жорий этилиши мумкин

Жамият

image

2025 йилдан Ўзбекистонда электромобиллар аккумуляторлари учун утилизация йиғими жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда жорий йилнинг 28 октябрь куни Иқтисодиёт ва молия вазирлигида бўлиб ўтган йиғилишда вазир ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров маълум қилди.

Унга кўра, тўловни тайёр маҳсулотларни импорт қилувчилардан ёки маҳаллий аккумулятор ишлаб чиқарувчилардан ундириш режалаштирилган.

“Шундай қилиб, янги солиқ электромобиллар эгаларига, шунингдек, автомобилларни тайёр ҳолда олиб кирувчи жисмоний ва юридик шахсларга тааллуқли бўлмайди”, дея таъкидлаган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.

Агар солиқ қўлланса, у батареянинг қувватига қараб ўзгаради. Енгил электромобиллар учун тўлов 5 мингдан 10 минг сўмгача, электр юк машиналари учун эса 370 минг сўмгача бўлади.

Натижада вазирлик 14 миллиард сўмга яқин маблағ йиғишни кутмоқда. Кейинчалик олинган маблағларни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига ўтказиш режалаштирилмоқда.

Маълумот учун, 2024 йилнинг саккиз ойи давомида Ўзбекистонга умумий қиймати 166,8 миллион доллар бўлган 12 минг 913 та электромобиль импорт қилинган. Улардан 10,8 миллион долларлик 2471 дона электромобиль август ойида етказиб берилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Норвегия автомобилсозлик тарихида электромобиллар сони бензинли автомобиллардан ошиб кетган биринчи давлатга айлангани ҳақида хабар берилганди. Ушбу мамлакатда 2024 йилнинг 16 сентябрь ҳолатига кўра рўйхатга олинган 2,8 миллион енгил автомобилдан 754 минг 303 таси электромобиль ва 753 минг 905 таси бензинли автомобиллардир. Шу билан бирга, дизель двигателли автомобиллар сонининг камайиши давом этмоқда. 2026 йилга келиб, мамлакатдаги электромобиллар сони дизелли автомобилларни ҳам ортда қолдириши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

утилизация йиғими электромобиллар Аҳадбек Ҳайдаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг