Элдор фаолиятини Туркия чемпионатида давом эттириши мумкин
Спорт
−
26 Июнь 2023
9702Ўзбекистонлик футболчи Элдор Шомуродов фаолиятини Туркиянинг “Галатасарой” клубида давом эттириши мумкин. Бу ҳақда “Fotospor” хабар берди.
Қайд этилишича, клуб янги мавсумда чет эл квотасидан фойдаланмаган ҳолда Мауро Икардининг ёнига маҳаллий форвардни ёки трансфер қилинадиган шундай калибрли хорижлик ҳужумчини қўшиб қўймоқчи.
Унга кўра, Италиянинг “Рома” клуби аъзоси бўлган ўзбекистонлик футболчи ҳозирда айнан ўша позицияда.
Гап шундаки, мамлакат Футбол федерацияси қарори билан, эндиликда Туркия чемпионатида ўйнайдиган Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбойжон ва Туркманистон футболчилари легионер ҳисобланмайди.
Бу орқали “Галатасарой” 11 августда старт оладиган Туркия Суперлигасидаги легионерлар лимитини четлаб ўтиб, Элдор Шомуродовни ёки юқорида санаб ўтилган мамлакатлардан ўз сафига футболчи жалб қилиши мумкин бўлади.
Маълумот учун, Элдор Шомуродов 2022/2023 йилги мавсумнинг иккинчи ярмини Италиянинг “Специя” клубида ижрада ўтказиб, А серияда жамоа учун битта гол урди ва мавсум якунида “Рома”га қайтадиган бўлди.
Италия А сериясида омадсиз ўтган мавсум Шомуродовнинг Миллий терма жамоа сафида қўлга киритган ютуқлари фонида вазиятни бироз юмшатди. У терма жамоа сафида энг кўп (37 та) гол урган ўйинчи сифатида Ўзбекистон рекордчисига айланди.
LiveБарчаси