Элчиси ҳужумга учраган Россия ТИВ Польшага талаб қўйди
Олам
−
09 Май 2022
48562Расмий Москва Россиянинг Польшадаги элчиси Сергей Андреевга уюштирилган ҳужум ва гулчамбар қўйиш маросимининг узилиши муносабати билан Варшавага кескин норозилик билдирди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги бугун, 9 май куни тарқатган баёнотида айтилади.
“9 май куни экстремистлар полициянинг тўлиқ ҳаракатсизлиги билан Варшавадаги Совет аскарлари қабристонига гул қўйиш маросимини тўхтатиб, Россия Федерациясининг Польшадаги элчиси Сергей Андреев ва дипломатик корпуснинг бошқа ходимларига нисбатан зўравонлик қўллашди. Польша ҳукуматига неонацист безориларни қўллаб-қувватлагани учун қаттиқ норозилик билдирилди”, дейилади дипломатик идора баёнотида.
Шу муносабат билан Россия ТИВ Польша томонидан “зудлик билан гулчамбар қўйиш маросимини ташкил этиш, унинг ҳар қандай провокациядан тўлиқ хавфсизлигини таъминлаш”ни талаб қилган.
“Биз бугун Польша томонини тегишли чоралар кўришга чақирамиз”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 9 май куни Россиянинг Польшадаги элчиси Варшаванинг Жвирки ва Вигура кўчаларида жойлашган совет аскарларининг ҳарбий ёдгорлик қабристонига гул қўйишга келган вақтида унга қизил рангли бўёқлар улоқтирилди. Полиция аралашуви билангина дипломатик миссия вакиллари машинасига етиб олиб, воқеа жойини тарк этди.
LiveБарчаси