Эльмира Боситхонова СCBдан кетмаган
Жамият
−
16 Май 10497 2 дақиқа
Аввалроқ, Эльмира Эркиновна Боситхонова Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар бергандик. QALAMPIR.UZ манбасига кўра, Боситхонова жорий йилнинг 6 май кунидан бошлаб вазир маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритмоқда.
Қайд этилишича, Боситхонова Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича маслаҳатчиси лавозимида иш бошлаган. Мазкур тайинлов ҳақидаги расмий буйруқ эса кеча, 15 май куни имзоланган.
Маълумот учун, Эльмира Боситхонова 1958 йил 10 ноябрда Тошкент шаҳрида туғилган. 1981 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтини умумий тиббиёт мутахассислиги бўйича тамомлаган.
1981 йилдан 2011 йилгача у аввал стажёр, кейин анестезиолог-реаниматолог, кейинчалик эса, Тошкент шошилинч тиббий ёрдам клиник касалхонасида бўлим мудири ва бош шифокори лавозимларида ишлаган.
2011 йилнинг июнь ойида у Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси этиб тайинланган.
2016 йил 12 декабрдан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
2019 йилнинг июнидан 2020 йилнинг 19 февралигача Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, шунингдек, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимларида ҳам ишлаган.
2020 йил Президент Шавкат Мирзиёев уни IV чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси этиб тайинлади.
2020 йил февраль ойидан бери Боситхонова Ўзбекистон Маҳалла ва оила масалалари вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.
2020 йилнинг 3 июлидан 2026 йил 5 майигача у Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Элдор Одилов Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланганди.
Live
Барчаси