Эквадор мексикалик мухлислар устидан FIFAга шикоят қилди

Спорт

image

Эквадор футбол федерацияси (FEF) 2026 йилги Жаҳон чемпионати 1/16 финалида Мексикага қарши ўйин олдидан юз берган воқеалар юзасидан FIFAга расмий шикоят билан мурожаат қилди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.

Эквадор ва Мексика терма жамоалари ўртасидаги учрашувда мезбонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

FEF баёнотида қайд этилишича, ўйин арафасида кузатилган ҳолатлар Жаҳон чемпионатига хос бўлган ҳалол ўйин, ҳурмат ва бирдамлик тамойилларига зид ҳисобланади.

“Эквадор футбол федерацияси ушбу ҳаракатлар Жаҳон чемпионатига хос бўлиши керак бўлган ҳалол ўйин, адолат ва бирдамлик тамойилларига зид экани сабабли FIFA’га расмий шикоят қилди. Биз ваколатли идораларни ушбу ҳолатларга жиддий эътибор қаратишга ҳамда футболчиларимиз, мураббийлар штаби ва мухлисларимиз хавфсизлигини таъминлаш учун зарур чораларни кўришга чақирамиз.

Ишонамизки, спорт руҳига зид бундай воқеалар икки қардош халқни бирлаштирган футбол байрамига соя солмайди. Жаҳон чемпионатида ҳар доим ҳурмат, соғлом рақобат ва ҳалол ўйин устувор бўлиши керак”, дейилади федерация баёнотида.

AFP агентлигининг маълумотига кўра, учрашувдан бир кеча аввал Эквадор терма жамоаси жойлашган меҳмонхона олдига қарийб минг нафар мексикалик мухлис тўпланган. Улар тун бўйи қўшиқ куйлаб, рақсга тушган ва мушакбозлик уюштирган.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йилги Жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигида ўтказилмоқда. Турнир жорий йилнинг 19 июль куни якунланади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг