“Экстремистлар ҳаётимизни бошқаришига йўл қўйолмаймиз”. Билли Айлиш сайловда кимга овоз беришини айтди
Олам
−
18 Сентябрь 2024 8532 1 дақиқа
Америкалик қўшиқчи Билли Айлиш ва унинг акаси Финнеас О’Коннелл ўз тингловчиларини АҚШда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида Камола Ҳаррисни қўллаб-қувватлашга чақирди. Хонанда кеча, 17 сентябрь куни Instagram'даги саҳифасида тегишли мурожаат билан видеони жойлаштирди.
Билли Айлишнинг айтишича, у ва унинг акаси Камола Ҳаррис ва Тим Уолзга овоз беради, чунки улар репродуктив эркинлик, “сайёрамиз ва демократиямизни” ҳимоя қилиш учун курашади.
“Биз экстремистлар ҳаётимиз, эркинликларимиз ва келажагимизни назорат қилишига йўл қўя олмаймиз. Уларни тўхтатишнинг ягона йўли – овоз бериш ва Камола Ҳаррисни сайлаш”, дейилади видеода.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Камола Ҳаррисни қўшиқчи Тейлор Свифт ҳам қўллаб-қувватлаганди. Instagram'даги постида у АҚШ вице-президентини “иқтидорли етакчи” деб атади.
Кейинчалик президентликка Республикачилар партиясидан номзод Дональд Трамп Truth Social аккаунтида “Тейлор Свифтдан нафратланишини” ёзди.
Трампни АҚШдаги президентлик сайловларида, ўз навбатида, бизнесмен Илон Маск, машҳур репер Lil Pump ва бошқалар қўллаб-қувватлади.
Live
Барчаси