Эксперт Каримов Ўзбекистон-Россия муносабатларини чекловчи омил бўлганини айтди

Олам

image

Россия-Ўзбекистон муносабатларини чекловчи омил Ислом Каримовнинг эҳтиёткор сиёсати эди. Бу ҳақда Россия Фанлар академиясининг Е.М.Примаков номидаги Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар миллий тадқиқот институти катта илмий ходими, Марказий Осиё бўйича мутахассис Станислав Притчин ОАВга берган интервьюсида сўз очди.

Суҳбатда Россия Марказий Осиёда анъанавий равишда Қозоғистонни ўзининг асосий ҳамкори деб билиши, ҳозир эса Москва гўё Ўзбекистон билан алоқаларини кенгайтиришга ҳаракат қилаётгани,  чунки Россиянинг Украинага қарши ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан кейин Қозоғистон Марказий Осиёнинг бошқа республикаларига қараганда кўпроқ ташқи сиёсат йўлида манёвр қилиб, Ғарбга юзлангани ҳақида сўз борган. Бу борада фикр билдираркан, Притчин Россия ва Қозоғистон муносабатлари доимгидек давом этаётганини урғулаган. 

“Россия гўёки Қозоғистонга таянади,лекин Ўзбекистон билан муносабатларни бошқача йўл билан қуради, деган фикрга қўшилмайман. Дарҳақиқат, Қозоғистон ва Ўзбекистон мудофаа қобилияти, иқтисодий ва географик аҳамияти бўйича Марказий Осиёда энг йирик икки давлатдир. 

Россия ҳам Ўзбекистон, ҳам Қозоғистон билан ҳамиша прагматик, очиқ, мувозанатли муносабатлардан манфаатдор бўлиб келган. Чунчаки, Россия-Қозоғистон муносабатлари сўнгги йилларда тизимли равишда ривожланиб бормоқда. Шунинг учун улар ҳозир ажойиб динамика билан мақтана олмайди”, дейди эксперт.

Унинг қайд этишича, Ўзбекистонда ҳокимият тепасига Шавкат Мирзиёев келгач, Россия-Ўзбекистон муносабатлари тубдан ўзгарган. 

“Тошкент билан эса илгари фойдаланилмаган салоҳиятни оширишга эришдик, чунки Россия-Ўзбекистон муносабатларини чекловчи омил Ислом Каримовнинг эҳтиёткор сиёсати эди. Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши билан мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда туб бурилиш юз берди. Савдо айланмаси фаол ўсишни бошлади, кўплаб лойиҳалар янгиланди ва инвестицион оқимлар кела бошлади. Бироқ, ҳозир вазият, биз кўриб турганимиздек, аввалгидек ижобий эмас”, дейди Притчин.

Эслатиб ўтамиз, айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россияда бўлиб турибди. Кеча, 5 октябрь куни Қозонга борган Президент Мирзиёев 6 октябрь куни Москвага келди. Бугун, 6 октябрь куни Кремльда Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин учрашуви ўтказилиши режалаштирилган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Ўзбекистон-Россия Ислом Каримов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг