Экологга куч ишлатган “замҳоким”га хизмат текшируви тайинланди (видео)
3-саҳифа
−
25 Ноябрь 2025 8833 2 дақиқа
Аввалроқ, Фарғона вилоятининг Бувайда туманида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси инспектори Аҳроржон Ниёзовга туман ҳокими ўринбосари Саидали Хизиров куч ишлатиб, орган ходимлари ёрдамида туман Ички ишлар бўлимига олиб кетганди. Экологнинг ишига аралашиб, унга куч ишлатган Хидировга хизмат текшируви тайинланди. Бу ҳақда унинг ўзи ишлаётган туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ҳокимлик берган муносабтда ёзилишича, ҳоким ўринбосарининг ҳаракатларига баҳо бериш учун доир дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
“Текширув якунлари бўйича қонунчиликка мувофиқ тегишли қарор қабул қилинади ва жамоатчиликка қўшимча ахборот тақдим этилади”, дейилади ҳокимлик хабарида.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси маслаҳатчиси Расул Кушербоевнинг билдиришича, аҳоли мурожаатига асосан ҳолат жойига тезкор етиб борган Экология қўмитаси инспектори ноқонуний дарахт кесиш ҳолатини аниқлаб, уни тўхтатиб, белгиланган тартибда ҳужжатларни расмийлаштирмоқчи бўлган.
Ушбу ҳолат бўйича вилоят Экология бошқармаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ҳозирда ҳудудда экологик назорат ўрнатилган бўлиб, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганиш ва назорат ишлари олиб борилмоқда.
“Ўрганишлар натижасига кўра, ушбу ҳолат бўйича қўшимча якуний маълумот берилиши маълум қилинади”, дейилади хабарда.
Ушбу ҳолатда ҳоким ўринбосарининг зўрлик ишлатишига Ички ишлар ходими томошабин бўлиб тургани етмагандек, экологни ёқасидан тутганча олиб кетганини қандай тушуниш мумкин?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 19 ноябрь куни қабул қилинган “Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг ҳудудий бўлинмалар ва туман (шаҳар) бўлимлари ходимлари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тузилмасига кирмайди ҳамда ўз фаолиятини мустақил амалга оширади ва Экология қўмитаси олдида ҳисобдор бўлади, деб ёзилган. Фармон имзоланганидан бир ҳафта ўтгани ва мамлакатда экология масаласи кун тартибида турганига қарамай, ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари экологларни менсимай, уларга куч ишлатиши, фаолиятига тўсқинлик қилиши давом этмоқда. Ё улар Президент имзолаган фармонни ўқимайди, ё ўқиса ҳам парво қилмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Расул Кушербоев шунга ўхшаш ҳолат ҳақида гапирган эди. Ўшанда у ўтган йили пойтахтда экологияни заҳарлаётган ташкилотларга чора кўрилаётганда, ўша пайтдаги экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг биринчи ўринбосари номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилганини очиқлаганди.
Live
Барчаси